Андижон 24

Нурбек ҳарбий бўлишга аҳд қилди


09.05.2018   1382

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги қарори ижросини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида вилоятимиздаги ҳарбий қисмларда «Очиқ эшиклар кунлари» ташкил этилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги қошидаги Андижон академик лицейи ва Олтинкўл туманидаги 9-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари майор А. Мамиров раҳбарлик қилаётган ҳарбий қисмда бўлишди.

Ташриф давомида ёшлар мутахассисларнинг маърузаларини тинглаб, керакли маълумот ва тушунчаларни, ўзларини қизиқтирган саволларига жавобларни олдилар. Ҳарбий қисм фаолияти, замонавий ҳарбий техника ва автомобиллар имкониятлари, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш қоидалари, аскарларнинг яшаш шароитларини ўзида акс этган кўргазмалар, кутубхона ва маданият клуби билан яқиндан танишдилар.

- Ҳарбий бўлишни орзу қиламан, - дейди академик лицейнинг ижтимоий гуманитар йўналиши 2-босқич ўқувчиси Нурбек Шаробиддинов. –Бу ердаги тартиб-интизом, шарт-шароитларни кўриб шу соҳага бўлган интилишим янада кучайди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,

Муаллиф олган сурат.