Андижон 24

НОСОЗЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА, ВАҲИМАГА ЎРИН ЙЎҚ (ФОТОРЕПОРТАЖ)


10.01.2021   13072

Шу йилнинг 9 январь куниАндижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи диаметри 1400 мм.ли бўлган “Хонобод-Андижон” марказий сув қувурининг Андижон тумани Хортум МФЙга қарашли “Анжирзор” кўчаси ҳудудида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида носозлик юзага келди. Бу эса вилоят марказида истиқомат қилувчи аҳолининг ташвишига сабаб бўлди. Аҳоли орасида “Андижон шаҳри бир неча кун давомида тоза ичимлик сувисиз қолар экан” деган хабар тарқалди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойида бўлдик.

Носозликни бартараф этиш учун барча куч ва имкониятлар ишга солинган. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Адураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи воқеа жойида ҳозир бўлди. Мутсаддилар томонидан ҳодиса сабабларини ўрганиш ва носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, носозликни бартараф этиш ишлари бир неча кунни талаб этади. Бунинг учун11-12 январь кунлари аҳолига сув етказиб бериш таъминотида узилиш юзага келиши мумкин. Бу вақт мобайнида Андижон шаҳрига Жалақудуқ туманида жойлашган “Пахтакор” ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб берилади. Бундан ташқари, 20 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари хизматга шай ҳолатга келтирилди.

«auz.uz» online гуруҳи.