Андижон 24

НОҲАҚ ҚАМАЛГАН АНДИЖОНЛИК АДВОКАТ 12 ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ


04.02.2020   5411

Набижон Юлбасов ҳақида балки эшитган чиқарсиз? Уни жамоатчилик, айниқса, ҳуқуқ олами вакиллари яхши билишади. Бир пайтлар "Андижон" адвокатлик фирмасига асос солиб, судда жуда кўп инсонни ҳимоя қилган тажрибали, қайсар ва муросага бормайдиган ҳуқуқшунос сифатида тилга тушганди.

Дунёнинг ишлари қизиқ-да: ҳимояталаб инсонларга ёрдам қўлини чўзиб келган оқловчининг ўзи кутилмаганда, ҳимояга муҳтож бўлиб қолди – 2008 йилда судланиб, нақ 8 йилга "кесилиб" кетди?!

Бирор-бир "ишкали" бордирки, жазога лойиқ кўрилгандир, деган ўй хаёлингиздан ўтиши табиий. Бир оз шошманг...

* * *

Хуллас, 2008 йилнинг қиш кунлари фуқаро Режавали Юсупалиев ўзига тегишли "Нексия"да пойтахтдан Андижонга қайтаётиб, қуюқ туман сабаб, олдинда ҳаракатланиб бораётган юк машинасини илғамай қолади ва автоҳалокат содир бўлади. Оқибатда енгил машина ёниб кетади, ҳайдовчи билан бирга тўрт нафар йўловчи воқеа жойида вафот этади...

"Нексия" билан тўқнашган юк машинаси "Қорадарё-Майлисой" ирригация тизимига қарашли эди. Айтиш жоиз,фожиага оғир техниканинг кузатувсиз ҳаракатланганлиги ҳам сабаб бўлган.

Турган гап – ҳолат юзасидан "Қорадарё-Майлисой" ирригация тизими раҳбари Шамсиддин Бурҳонжонов, масъул ходимлар Мирмуҳсин Шокиров ҳамда Абдулазиз Рустамовга жиноий иш очилади. Марҳумга тегишли автомашинага етказилган зарар 12 миллион сўмга баҳоланади.

Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани судида кўриб чиқилган суд мажлисида жавобгарларни адвокат Набижон Юлбасов ҳимоя қилган.

Қисқаси, зарарнинг 7 миллион сўми ташкилот ҳисобидан, 5 миллион сўми эса айбдорлардан ундирилиши лозим, деган хулосага келинган. 5 миллион сўм ўша йили 2 минг 300 АҚШ долларига тенг эди.

Айбдорлар белгиланган пулни олиб келади. Суд раиси Т. Тўрақуловнинг кўрсатмасига асосан, 2 минг 300 доллар суднинг девонхона мудири Ғиёс Сайдаматовга топширилади. Пулни топшириш жараёнига ҳимоячи Набижон Юлбасов ҳам гувоҳ бўлган. Бироқ орадан роппа-роса уч ҳафта ўтса-да, тегишли маблағ суд томонидан зарарни қоплаш учун йўналтирилмайди, аксинча, девонхона мудири пулни сейфида "босиб ётади".

Зарар ҳадеганда қопланавермагач, Набижон Юлбасов судланувчиларнинг илтимосига кўра, девонхона мудиридан пулни қайтариб беришни такрор-такрор сўрайди. Мудир эса негадир ўзини олиб қочаверади...

Айни шу кунларнинг бирида Набижон Юлбасовни куппа-кундузи, катта кўчада «ҳе йўқ, бе йўқ» тезкор гуруҳ қўлга олади. Сабаб?

Кўп ўтмай аён бўлдики, суд девонхона мудири унинг устидан тегишли идораларга арз битган экан. Эмишки, адвокат айбланувчилардан 3 минг доллар олибди, унинг 700 долларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб, қолган қисмини ҳимоясидаги шахсларни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо тайинлатиш эвазига суд раисига пора тариқасида бериш учун мудирнинг иш столига қўйиб кетибди! Ана, холос...

Шундай қилиб, у емаган сомсага пул тўлади – курак тугул, тувакда турмайдиган важлар асосида судланиб, юқорида зикр этилганидек, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судининг ҳукми билан8 йилга қамалиб кетди! Кейинчалик ёзилган апелляция шикояти эса қаноатлантирилмади. Хуллас, пешонасига битилган экан – уч йил озодликдан маҳрум қилиш, яна бир йилу икки ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан "баҳраманд" бўлди.

Қаҳрамонимизга Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича қўйилган айбловларни бир-бир келтиришга ҳожат йўқ. Аммо на қонун меъёрларига, на мантиққа тўғри келадиган муҳим жиҳатлар борки, шунинг ўзиёқ аслида Набижон Юлбасовга қўйилган айбловларни чок-чокидан сўкиб юбориши керак эди.

Боя айтдик, 2 минг 300 долларни девонхона мудири сейфда нақ 21 кун сақлаган. Модомики, пул пора тариқасида берилган бўлса, бу ҳақда ўша заҳотиёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилиши керак эмасмиди?

Яна бир масала: мавзуга алоқадор бўлган шахслардан бири – жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани суди раисиТ. Тўрақулов терговга ҳам, биринчиинстанция судига ҳам жалб этилмаган. Қайтанга, у 2008 йил 18 ноябрь куни ўтган апелляция суд мажлисида адвокатнинг пора таклиф қилмагани ёки Н. Юлбасов томонидан Ғ. Сайдаматовга пул ташлаб кетганидан хабари йўқлигини баён қилган.

Набижон Юлбасовга қўйилган ва судда ҳам "силлиққина" ўтиб кетган айбловлар ичида у масъул мансабдор шахс сифатида Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми "в" бандида назарда тутилган жиноятни содир этган, дея тугал хулосага келинганлиги ҳам жумбоқдан бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, мазкур ишда фирма раҳбари ёки фирма манфаатини кўзлаб эмас, оддий ҳимоячи сифатида қатнашганди. Айни шу масалада Тошкентдан бир қатор юридик фанлари докторлари ҳам хулоса бериб, хусусий адвокатлик фирмаси директорини масъул мансабдор шахс деб ҳам, мансабдор шахс, деб ҳам квалификация қилиб бўлмаслигини қайд этишган. Аммо... негадир бу хулосаларнинг бирортаси инобатга олинмади.

Хўп, бўлар иш бўлибди, мана, оқловчи озодликка чиқибди, барибир вақтни ортга қайтариб бўлмайди-ку, ўн икки йил аввалги гапларни чайнашдан не ҳожат, дегувчилар ҳам чиқар?

Унутмаслик керакки, суд ҳукми ортида бир инсон тақдири, шаъни турибди. Ахир, унга бекордан бекорга "судланган", деган тамға босилди. Туҳмат зарби, ноҳақлик алам-аччиғидан "зона"да ўтирган йиллари хасталикка чалинди. Онаизори эса ҳаётининг сўнгги кунларигача "Ёлғиз ўғлимнинг дийдорини кўрармикинман",деб умид қилиб ўтди... Аммо бир кам дунё – фарзандининг кўйлагини бағрига босганича, омонатини топширди...

Набижон Юлбасовнинг иродаси метин экан – букилмади. Мамлакатимизда бошланган суд ислоҳотларига ишониб, ўтган йили Олий суд раисининг қабулига кирди. Маҳкама раҳбари нон сўраб эмас, номи оқланиши умидида юрган ҳуқуқшуноснинг гапларини диққат билан тинглади. Сўнг судьяларга топшириқ берди: "унинг дунёсини қоронғи қилган "дело"ни яна бир жиддий ўрганинглар-чи, адвокатга чиқарилган ҳукм ақлга сиғмайди-ку!"

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди ишга доир ҳужжатларни ипидан игнасигача ўрганди, масалага дахлдор барчани эшитди, пировардида хулосага келдики, Набижон Юлбасов чиндан ҳам айбсиз. Шу тариқа унга нисбатан 2008 йил 11 сентябрдаги ҳукм бекор қилиниб, қаҳрамонимиз оқланди. Таниган-билганлар олдида юзи ёруғ бўлди.

Аммо ҳозирча яна бир асосий савол кўндаланг турибди: бесамар ўтган умри, бекордан бекор тортган азоб-уқубатлари учун ким жавоб беради? Бу ғурбатларнинг товони-чи?

Нурилло НЎЪМОНОВ.

Манба: «Андижоннома газетаси».