Андижон 24

«НЕМИС ТЎЛҚИНИ» АНДИЖОНГА ЕТИБ КЕЛДИ


03.08.2018   2593

Германиянинг «Немис тўлқини» (Deutsche Welle) халқаро жамоат телерадикомпанияси академиясининг вакиллари - Марказий Осиёда лойиҳалар координатори Лидия Ранерт ва эркин ходим Витаут Рудник Андижонда бўлишди.

Журналистларни тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида қатор давлатларда лойиҳалар олиб борувчи академия 2008 йилгача Ўзбекистонда ҳам фаолият кўрсатиб келган. Мамлакатимиздаги кенг қамровли жараёнлар бошлангач, мазкур ташкилот вакиллари республикамизга яна қизиқиш билдиришмоқда.

- Бу борада Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси билан мулоқот қилган эдик, - дейди Лидия Ранерт. - Бугунги ташрифимиздан кўзланган мақсад ҳам маҳаллий таҳририятлар билан танишиш асносида бўлажак семинар ва тренинглар учун долзарб аҳамият касб этадиган мавзулар танлашдан иборат.

- Мамлакатимиздаги ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

- Германияда туриб Ўзбекистонда кечаётган жараёнлардан оммавий ахборот воситалари орқали бохабар бўлиш бошқа, жойлардаги мулоқотлар орқали вазиятни англаш бошқа нарса. Дарҳақиқат, улкан ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўлдик. Сизларда ОАВларнинг эркинлиги амалда таъминланмоқда. Бу жараён изчиллик билан давом этиши тарафдоримиз. Ўз навбатида журналистлар эркинликдан тўғри фойдалана билишлари жуда муҳим. Бу борада халқаро тажриба алмашишга қаратилган тренинглар уюштириш ҳам яхши самара беради.

Мен эса журналистларнинг очиқлиги, фаолиятини яхшилашга астойдил интилаётганликларини эътироф этмоқчиман, - фикр билдирди Витаут Рудник. – Электрон нашрлар борасида сизларда каттагина имконият бор, деб ўйлайман, зеро улардан фойдаланувчи фаол ёшлар салмоғи юртингизда юқори экан.

РустамжонЭШОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.