Андижон 24

Наврўз – Ёшлар боғида


20.03.2018   1929

Боғи Бобурда бошланган Наврўз шукуҳи Андижон шаҳридаги А.Навоий маданият ва истироҳат боғи, Болалар ва Ёшлар боғларини ҳам қамраб олди.

Болалар боғи фарзандларини етаклаб келган оилалар билан гавжум бўлган бўлса, Ёшлар боғи шижоатга тўла йигит-қизлар билан тўлди.

Эрта тонгдан булоқбошилик Анваржон Райимжонов раҳбарлик қилаётган қарнайчилар гуруҳи вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан келган ёшларни Наврўз сайлига чорлади.

Боғга ташриф буюрар экансиз эгнидаги атласу-адрасу чиройига чирой қўшиб турган қизларимиз, бошидаги дўпписи-ю белидаги белбоғи билан кўксини кериб юрган йигитларимиз ҳар қандай инсонни ҳавасини келтираётганлигига гувоҳ бўласиз.

Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар андижонлик ёшларнинг нималарга қодир эканлигидан далолат бериб турмоқда. Бир томонда ёш ҳунармандларнинг сопол буюмлари, зар дўппилари, рассомларнинг табиатни, ёшликни тасвирлаган суратлари, ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эртанги кун эгаларининг мамлакат раҳбари бераётган ишончни оқлаш устида тинмай изланаётганлигидан дарак бермоқда.

Байрам байрамдай ўтиши учун юрагида ўти борларни шўх қўшиқлар даврага чорлайди. Бу ерга йиғилганларнинг барчасини эса юрагида ўти бор эканлигин қўрғонтепалик ёшлар даврасига келсангиз кўрасиз. Ботир Қодировнинг “Дўппи” номли қўшиғи, “Андижон полкаси”, андижонча, сурхонча, хоразмча тароналарнинг такрор-такрор янграши миллийлигимизни акс эттирмоқда.

Жалақудуқ туманидаги ўнта яқин умумтаълим мактабида қирғиз тилига ихтисослаштирилган синфлар мавжуд. Бу ерда улар ўзбек фарзандлари билан ёнма-ён таҳсил олишади. Ҳеч қандай байрам бир-бирларисиз ўтмайди. Ҳам ўзбек, ҳам қирғиз миллий лапарлари, қўшиқлари тараннум этилади. Боғда “Женгелер”, “Беш бармоқ” ва яна шунга ўхшаш хит қўшиқларнинг янграётгани ва қирғиз миллий либосларидаги йигит-қизларнинг шўх ўйинлари икки миллат вакилларининг ҳамдўстлиги, шу юртда тинч ва осойишта яшаётганидан. Наврўз икки тилда яшовчи халқларнинг бир байрами эканлигини уларнинг даврасига келиб, кўринг.

--Мактабимизда қирғиз синфлари ҳам мавжуд, - дейди Жалақудуқ туманидаги 26-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Гулираъно Турдиева. - Бу ерда биз ҳамжиҳатликда, дўст бўлиб ўқимоқдамиз. Юртбошимизнинг ёшларга бераётган имкониятларидан унумли фойдаланишга, ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз, албатта.

Шунингдек, ёшлар боғида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан кураш, палов мусобақалари, қувноқлар ва зукколар кўрик-танлови, сумалак сайли ҳм ташкил этилмоқда. Боғда байрам тадбирлари 22 мартга қадар давом этади.

Auz.uz онлайн гуруҳи.