Андижон 24

Наврўз нашидаси


17.03.2018   1714

Қуёш саҳийлик билан борлиққа нурин сочди. Балиқчи тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғи Наврўз шодиёнаси иштирокчилари билан тўлди. Бир томонда баҳор таомлари, турли пишириқлар, бунга уйғун тарздаги тадбиркорлар тайёрлаган маҳсулотлар, буюмлар кўргазмалари кўпчиликнинг кайфияти кўтаринкилигини намоён этди.

- Корхонада мен сингари 30 нафар ёш ишлаяпти, - дейди “Қувватил камол” масъулияти чекланган жамияти ишчиси Диёрбек Тошмирзаев. – Спорт буюмлари, кийимлари ҳаридорларга маъқул бўлмоқда.

- Қани кўкчучвара, кўксомсалардан тотиб кўринглар, - дейди 40-умумтаълим мактабининг илмий бўлим мудири Мохидилхон Абдуллаева. – Қизларимизнинг пазандалигига баҳо берасиз.

- Гуландон Жалолова, Ўғилой Анорбоева, Матлубахон Абдураҳмонова, Хуснидабону Жўраева, Масъума Саидова 6-синф ўқувчилари, - дея таништирди 45-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Танзилахон Саримсақова миллий адрас кийимлари ярашиб турган қизларни кўрсатиб. – Энг намунали синф сардорлари беллашувининг вилоят босқичида биринчи ўринни олишиб, замонавий, кенг экранли телевизор мукофоти билан тақдирланишди.

- Мен келиним Гулҳаё, набирам Маржона қариндошларимизникига меҳмон бўлиб келгандик, - дейди Сирдарё вилояти, Оқ олтин тумани, Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Раънохон опа Зайниддинова. – Наврўз сумалакларидан яладик, тансиқ таомлар, китоблар кўргазмасини кўрдик. Барча учун, айниқса, болалар учун яратилган шароитдан жуда хурсандмиз.

Балиқчи тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Давронбек Саидқуловнинг табригидан тўлқинландик. Шўх куй, қўшиқлар эшитиб, катта қозонда дамланган ошдан татиб, юртдошларимизнинг меҳмоннавозлигига таҳсинлар айтдик.

- Қайнисинглим Умидахон билан жажжи Юлдузойни сайр қилдираяпмиз, - дея сўзлади Сортепа маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Нафисахон Боймирзаева аравачада ўтирган қизалоққа ишора қилиб. – Байрам жуда қувончли ўтди.

Қатнашчилар эътироф этганидек Наврўзи айёми Балиқчи туманида кўтаринки тарзда нишонланди.

Аҳмадилло Солиев.

Хурсандбек Араббоев олган суратлар.