Андижон 24

НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ


09.02.2019   1289

Мир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги вилоятимизда буюк мутафаккир номидаги боғда кенг кўламда нишонланди. Сана муносабати билан бу ерга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида жамоатчилик вакиллари, таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намоёндалари, ёшлар тўпланишди. Боғида ўрнатилган бобомиз ҳайкали пойига гулдасталар қўйилди.

Шундан сўнг вилоят раҳбари барчани айём билан қутлаб, ҳар бир ҳалқ дунё саҳнасида ўзининг муносиб мавқеи ва ўрнига эга бўлишга интилиши, бу жараёнда илм-маърифат жонкуярлари муҳим аҳамиятга эга эканлиги хусусида сўз юритди. Ўзбек ҳалқининг буюк сиймолари ҳақида сўз борганда Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган манданият ходими, адиб Қамчибек Кенжа, Андижон давлат университети доценти Баҳодир РаҳмоновларМир Алишер Навоийнинг фазилатлари, эл-улусга адолати ва ҳайрихоҳлиги, илму маърифатга чексиз рағбати ҳақида жўшиб гапирдилар. Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг ўқувчилари Навоий ғазалларидан ўқидилар.

Тадбир Андижон давлат университетида “Назм ва наво” кеча билан давом этди. Унда ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова ўзбек адабий тили асосчисининг маънавий меъроси хусусида тўхталди. Кечанинг бадиий қисмида мақом ансамблининг созанда ҳамда хонандалари Навоий ғазалларибилан айтилган қўшиқлар ижро этдилар.

Жаҳонгир СОДИҚЖОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.