ЖАМИЯТ

НАРҲ-НАВО БАРҚАРОР БЎЛАДИ


24.10.2020   3421

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдаги тўққизинчичи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда жорий йил 16 октябрь куни Президентимиз раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари ижроси, бу борада олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан шаҳар ҳокими Б.Ҳайдаровнинг ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда шаҳар аҳолиси учун киши бошига талаб этиладиган йиллик озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажми таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, Андижон шаҳридаги қарийб 441,7 минг нафар аҳолини тиббий меъёрларда белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда. Аҳолининг 6 ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли 4,9 минг тоннани ташкил этади. 4 минг 877 тонна картошка заҳирасини яратиш учун 11 та салоҳиятли тайёрлов корхонаси жалб қилинган.

6 ойлик истеъмол учун 4,2 минг тона гўшт, 1,6 минг тонна балиқ, 15,9 минг тонна ун ва ун маҳсулотлари, 1,9 минг тонна ўсимлик ёғи, 836 тонна гуруч, 2,3 минг тонна шакар жамғариш борасида иш ташкил этилмоқда. Жами талаб этиладиган 29,3 миллиард сўм маблағнинг 561 миллион сўми маҳаллий бюджет ҳисобидан, 8,3 миллиард сўми тижорат банкларининг кредитлари ҳамда 20,4 миллиард сўми тадбиркорларнинг ўз маблағлари эвазига қопланиши режалаштирилган.

Аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида деҳқон бозорлари, супермаркет ва савдо марказларида прокуратура ҳузуридаги департамент, солиқ, монополияга қарши курашиш бошқармаси, сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, нарҳ-наво кунлик мониторинг қилиб борилмоқда. Заҳира жамғариш 10 ноябрга қадар тўлиқ якунланади.

Сессия давомида жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси Р. Турғунов, Бош вазирнингн Андижон шаҳридаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Г. Сатторов ҳамда Андижон шаҳар адлия бўлими бошлиғи О. Ғофуровларнинг ахборотлари тингланди.

Сектор раҳбарларининг аҳоли кабағал тоифасини доимий даромад манбаига эга қилиш юзасидан ҳисоботлари ҳам тингланди. Шунингдек, ҳудуддаги айрим мактабгача таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактабларининг таълим жараёнларига тегишли масалалари кўриб чиқилди.

Масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Жаҳонгир Содиқжонов.