Андижон 24

НАРХ-НАВО АСОССИЗ ОРТИБ КЕТМАСИН


18.10.2020   2074

Вилоят давлат солиқбошқармаси томонидан бозор ва супермаркетларда тухум, гўшт ва бошқа маҳсулотлар нархининг асоссиз ортиб кетиши сабаблари таҳлил қилинди. Жумладан, 53 та тухум маҳсулоти, 35 та парранда гўшти ҳамда 54та қорамол гўшти етиштирувчи қишлоқ ҳўжалиги корхоналарида ўрганишлар ўтказилди.

Хусусан, бир дона тухумнинг таннархи 700 сўмдан 750 сўмгача тўғри келмоқда. Бунда парранда етиштиришга сарфланадиган озуқа, яъни буғдой,кунгабоқар, соя шроти, кальций, ёғ, маккажўхори ва бошқа озуқавий қўшимчалар қиймати инобатга олинган. Маҳсулот эса 900 сўмдан 1 минг 50 сўмгача сотилиб, 200 сўмдан 300 сўмгача фойда олиняпти.

1 килограмм буғдой 400 сўмга, ёғ 2000 сўмга, соя шроти 1300 сўмга ҳамда кунгабоқар хом ашёси 700 сўмга қимматлашганлиги бир дона тухум таннархининг 90 сўмдан 105 сўмгача ортиб кетишига сабаб бўлган.

Шунингдек, бир килограмм парранда гўштининг таннархи 13 минг сўмдан 14 минг сўмни ташкил қилмоқда. Бир килограмм қорамол гўшти таннархи 41 мингдан 46 минг сўмгачани ташкил этган ҳолда мол гўшти нархи 53 минг сўмдан 55 минг сўмгача сотиляпти.

Юқоридагилар шуни кўрсатмоқдаки, савдо ташкилотлари маҳсулот таннархига асоссиз равишда юқори фоизлар қўйишмоқда. Шундай ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, солиқ идоралари билан боғланинг.

О.Турсунов,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.