Андижон 24

МУТАССАДДИЛАРНИНГ ХАЛҚНИ ОҒИРИНИ ЕНГИЛ ҚИЛИШИ УЛАРНИ ДАВЛАТГА ИШОНЧИНИ, ВАТАНГА МЕҲР-МУҲАББАТИНИ МУСТАҲКАМЛАЯПТИ


06.01.2022   1064

Халқ хизматида бўлиш, аҳолини давлатдан рози қилиш раҳбарларнинг асосий вазифасига, бурчига айланмоқда. Қабул кунларида, маҳаллалардаги мулоқотларда фуқароларнинг мурожаатларига эътиборли муносабат, муаммоларига ечим топиш қарор топаётир.

Мутассаддиларнинг юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиши уларни давлатга ишончини, Ватанга меҳр-муҳаббатини мустаҳкамлаяпти. Атрофида меҳрибонлари, суянчлари борлигини хис этяптилар. Кўпчиликнинг кўмаги билан ташвишдан қутулиб кўнгиллари ёришмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслахатчисининг биринчи ўринбосари Дониёр Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳининг вилоят ташкилотлари, муассасалари раҳбарлари иштирокида маҳаллаларда фуқароларни қабул қилиш чоғида бу ёрқин намоён бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев Бўстон тумани, Пиллакор маҳалла фуқаролар йиғинида юртдошларимизнинг мурожаатларини тинглаб, муаммоларини хал қилиш чораларини кўрди.

- Кўп йиллар тракторчилик қилганман, 52 ёшдаман,- дейди Бўстон тумани, Тафаккур маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, иккинчи гурух ногирони Эгамберди Келдиев. – Қандли диабет касаллиги оқибатида бир оёғимдан айрилдим. – Ҳозир ногиронлик аравачаси беришди, кўнглим кўтарилди. Энди кўчаларга чиқиб, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашаман. Меҳр-оқибат кўрсатганларга кўп раҳмат.

Қўрғонтепа туманининг Янги қўрғон маҳалла фуқаролар йиғиниданмиз, - деб ўзини таништирди Дилоромхон Тўйчибоева. – Ўғлимнинг ўн ёшли фарзанди Хожиакбар Юсупжонов болалигидан ногирон. – Набирамга махсус аравача ажратишганидан хурсандман.

- Маҳалладошим Қурбонали Қодировнинг оёқлари оғриб, иш қилолмайди, онаси Майрамхон Жалилова ҳам хаста, - дейди Марҳамат туманидаги Шаҳристон маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Гулшаной Ўринбоева. – Маҳалламиз уларни даволанишига баҳоли қудрат ёрдам берди. – Улар қабулда бўлиб,нажот кутишяпти.

Бўстон туманининг Боғи эрам маҳалласида истиқомат қилувчи Гулшаной Тўрақулова ўтган йили Халқ банкидан ажратилган кредитга қорамол сотиб олиб боқяпти. Ха демай сигирли бўлади, сут-қатиққа ёлчийди.

- Фуқаронинг банкдан яна кредит олсам бўладими, деган сўровига асосли жавоб бердик, - деди Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғинингўринбосари Хасанбой Мамаджонов. – Аввалги кредит тўлови тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганидан кейин бу амалга оширилиши мумкинлигини тушунтирдик.

Қабул пайтида эхтиёжмандларга тегишли тартиб-қоидалар асосида тикув машиналари, мол-қўйлар берилишига ҳам шароит яратилди. Мурожаат қилганларнинг кўпчилигини мушкули осон бўлди. Ғамхўрликдан баҳра олишди.