Андижон 24

МУТАСАДДИЛАРГА РАҲМАТ – КУРС МАРОҚЛИ ВА МАЗМУНЛИ ТАШКИЛЛАШТИРИЛДИ


06.12.2018   1339

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Фарғона ҳудудий филиалида ташкиллаштирилган дастлабки ўқув курсида вилоятимиздаги бир қатор ташкилот, хўжалик бошқарув органларининг раҳбарлари, масъул ходимлари ҳам малака оширишда бўлишди. Избоскан туманлараро давлат архивининг директори Шукуржон Мамитов бу ҳақда мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.

-Курсда ўқув машғулотлари юқори савияда ташкиллаштирилганлиги алоҳида эътироф этишни истардим. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида” 2018 йил 6 августдаги ПҚ-3901- сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқарув органларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари учун касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда мазкур курснинг ташкил этилиши айни муддао бўлди.

Машғулотларда 2017-2021 йилларга мўлжаллаган Ҳаракатлар стратегияси ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Ўз соҳасининг етук мутахассислари бир ҳафта давомида 50 нафар тингловчи билан тегишли жадвал асосида мароқли ва мазмунли машғулотларни олиб боришди. Ўқув жараёнида ўзимизни қизиқтирган масалаларга, саволларга атрофлича жавоб олдик. Бунинг учун мутасаддиларга барча тингловчилар номидан самимий миннатдорлик билдираман.

Машғулотларда вилоятимиздаги давлат архиви раҳбарларидан етти нафари қатнашди. Ҳамкасбларимиз билан курс давомида олган касбий билим ва малакаларимизни келгусида ўз фаолиятимизга татбиқ этиб, мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз манфаати йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга муносиб улушимизни қўшамиз.