Андижон 24

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 27 ЙИЛЛИГИ НОМЛИ МАҲАЛЛАДА МАКТАБ ОЧИЛДИ


03.09.2019   1122

Андижон шаҳрининг “Хидирша – 2” массивидаги Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласида янги 54-умумтаълим мактаби очилди.

Ушбу билим даргоҳи 630 ўринга мўлжалланган бўлиб, уни “БИЛ - 21” масъулияти чекланган жаммияти қурувчилари бунёд этдилар. Лойиҳани рўёбга чиқариш, шунингдек, жиҳозлашга 9,5 миллиард сўм сарфланди. Икки қаватли бинодаги 40 та ўқув хонаси, спорт ва мажлислар зали ва бошқа хоналар барча талабларга жавоб беради.

Мактаб намунали лойиҳалар асосида барпо қилинган Мустақилликнинг 21 йиллиги маҳалласи фуқаролари учун хизмат қилади.

-Ҳозирда 200 нафар болажон ўқишга қабул қилинди, - дейди мактаб директори Нодирбек Дадабоев. – Рус тилида сабоқ берилувчи синфга 25 та ўқувчи олинди. Жамоамизда танлов асосида саралаб олинган 20 нафар педагог ва 15 нафар техник ходим иш бошлади.

Барча зарур инфратузилмага эга янги маҳалла бошқаларидан тубдан фарқ қилади. Буни мактабнинг очилиш тантанасида иштирок этган вилоят ҳокими алоҳида таъкидлади.

-Халқни рози қилиш ниятида бошлаган саъй-ҳаракатларни Андижон шаҳридаги вазият энг оғир “Мустақиллик” маҳалласидан бошлаган эдик. Маҳаллада 1,5 минг фуқаро ўтган асрнинг 50 йиларида барак типида қурилган умумий ҳовлиларда истиқомат қилиб келарди. Фуқароларни кўчириш учун Хўжаобод туманидаги Хидирша массивида янги замонавий турар-жойлардан иборат маҳалла қуришга киришдик.

Икки сотихли уйлардан ташқари 350 ўринли фабрика, 7 та кўпқаватли уйлар, 140 ўринли боғча, 300 ўринли маданият уйи, нон ишлаб чиқариш цехи, маҳалла гузари, МФЙ идораси биноси, “Мотамсаро она” майдони, болалар майдончаси, миллий ҳаммом, кимёвий тозалаш шаҳобчаси ва бошқалар қурилди. Барча зарур муҳандислик коммуникация тармоқлари тортилди, йўллар чиққарилиб, асфальтланди. Бугун шу маҳаллада мактаб очилмоқда.

-Бизнинг оила ўша Мустақиллик маҳалласидаги умумий ҳовлида яшаб келар эди, - дейди мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Вера Геннадьевна Новикова. – Ўрнига “Хидирша – 2” массивидан икки сотихли уй беришди. Баҳаво жой, барча қулайликлар бисёр. Мўъжазгина гулхонамизда экилган кулупнай ҳозир ҳам мева беряпти. Янги мактабда иш бошлаяпман. Президентимдан мингдан минг розиман.

Маҳалла аҳлини янги мактаб билан қутлар экан, вилоят ҳокими у барчасоҳаларда намунавий бўлиши зарурлигини таъкидлади.

М.ТЎХТАНАЗАРОВ олган суратлар.