ЖАМИЯТ

МУСТАҚИЛЛИК ТУФАЙЛИ ФЕРМЕР ВА ДЕҲҚОНЛАРИМИЗ МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРИШДА ЭРКИНЛИКНИ ҚЎЛГА КИРИТДИЛАР


18.08.2020   520

Истиқлол барча соҳаларда бўлгани каби аграр соҳада ҳам туб ислоҳотларга йўл очди. Мамлакат иқтисодиёти ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалиги стратегик ёндашувлар асосида тарққиё этиб келмоқда.

Сўнгги уч йилликка нигоҳ ташлайлик. Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига ўтила бошланди. Нима учун? Албатта, фермер ва деҳқонлар учун маҳсулот етиштиришда эркинлик яратиш учун! Илгари соҳа меҳнаткашлари оқ олтин ва дон етиштириш учун давлат буюртмасини бажариш йўлидатуну кун бир хил меҳнат қилардилар. Улар учун бошқа бирор маҳсулот етиштириб даромад олиш имконияти бўлмаган. Белгиланган режа, белгиланган бир хил маҳсулот – очиғи, деҳқоннинг косаси фақат бир мавсумда тўлган, ўзлари кутгандек манфаат кўришмаганидан кўз юмиб бўлмайди. Бугун эса ер майдонларидан такрорий экин экиш орқали уч мартагача ҳосил олиш имконияти яратилди.

Мустамлака давридаги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечилмоқда. Аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмқда. Шунингдек, кейинги йилларда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳам мазкур йўналишдаги тадбирларни юқори босқичга кўтариш йўлидаги қадамдир.

Жорий йилда мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агро-логистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрлаш тайёрлаш учун 3 триллион маблағ йўналтирилганлиги ҳам соҳадаги юқори ислоҳотлар натижасидир.

Истиқлолдан аввал сувни тежаш технологиялари хусусида янгиликлар бўлмаганини яшириб бўлмайди. Бугун эса бу борада олиб борилаётган тадбирлар аграр соҳа тараққиёти учун муҳим бўлмоқда. Хусусан, 2020 йилда44 минг гектар ерда ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган техологияларни жорий этилиши белгиланган. Бу борада ишлар давом этмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан ажратилга 300 миллирад сўм субсидия мақсадли сарфланаётганини қайд этиш керак.

Сўнгги уч йилликда ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонлари ажратилмоқда. Бу ишлар пандемия даврида ҳам тўхтаб қолмади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун янги ерларни ўзлаштириш орқали экин майдонларини кенгайтириш, чорванинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, балиқчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳисобидан озиқ-овқат заҳирасини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Албатта, бу йўналишдаги ишлар туфайли бандлик масаласига ҳам том маънода барҳам берилаётир.

Мустақиллик – буюк неъмат. Унинг имкониятлари кўзни қувнатади, тилга шукроналик тўлдиради, қалбга хотиржамлик, хонадонларга файз, дастурхонларга тўкинлик беради. Шундай экан, тинч кунларимиз қадрига етайлик!

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.