Андижон 24

«МУРУВВАТ КАРВОНИ» АНДИЖОНДА


26.01.2019   1395

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигида вилоят ҳокимлиги ва “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ташкил этилди.

Тадбирни очиб берган вилоят бош имом хатиби Нуриддин Ҳолиқназаров мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётгани самарасида миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик, аҳиллик муҳити қарор топганини, бугунги тадбир шуларнинг меваси эканлигини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Искандар Халилов фонд Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига биноан ташкил этилгани ҳақида сўзлаб, фаолияти, мақсад ва вазифалари, ташкил этилган хайрия ишлари ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг вилоятнинг барча ҳудудидан таклиф этилган 20 нафар имконияти чекланган шахсга ногиронлик аравачалари, 100 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган фуқарога жами 190 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги озиқ-овқат, маҳсулотлари, кийим-кечаклар улашилди.

Тадбир давомида хизмат вазифаларини самарали ўтаб келаётган имом-хатибларни рағбатлантириш мақсадида идора томонидан нашр эттирилган диний-маърифий мазмундаги китоблар совға қилинди.

- Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бироз бўлсада аритиш, дилларига хушнудлик олиб кириш мақсадида кўплаб хайрия ишлари олиб борилмоқда, -дейди И. Ҳалилов. - Шу мақсадда меҳрибонлик ва саховат уйлари, шифохоналар, мактаб-интернатлари, моддий етишмовчилиги бор хонадонлар, боқувчисини йўқотган оилаларга беғараз ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Ноябрь ойидан буён ана шундай хайрия ишларнинг давоми сифатида фонд томонидан республика бўйлаб “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказиб келинмоқда.

Auz.uz onlineгуруҳи.