Андижон 24

МУРОЖААТНОМА – ФАОЛИЯТИМИЗГА ҲАМОҲАНГ ҲУЖЖАТДИР


05.02.2020   3958

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида олимдан то деҳқонгача, оддий ишчидан то зиёлиларгача – барча қатламнинг, каттаю кичикнинг кўнглидаги гаплар акс этганлиги боис турли давраларда ҳамон суҳбатларнинг бош мавзуси бўлиб турибди.

Албатта, ҳамма ҳам фарзандларининг ақл-заковатли, билимли бўлиб вояга етишини истайди. Инсон зоти борки, фаровон ҳаёт кечиришни, яхши яшашни орзу қилади. Барчамиз жамиятдаги ҳар қандай воқелик билан боғлиқ муносабатларда адолат посангиси бузилмаслиги тарафдоримиз. Юқоридаги уч жиҳат уйғунлашган тақдирдагина юрт тараққий этади, қолоқлик ўрнини юксалиш, жаҳолат ўрнини маърифат эгаллайди. Мурожаатномада тилга олган масалаларнинг пировард мақсади айни шу тамойилларга қаратилганлиги учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Бугунги кунда барча бўғиндаги касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, ходимларнинг турли имтиёз ва кафолатлардан фаол фойдаланишларига эришиш, меҳнат ва дам олиш шароитларини янада яхшилаш йўлида қатор хайрли юмушлар рўёбга чиқарилмоқда.

Жамоат ташкилотининг ҳаракат режасидан соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда туризм тарғиботига оид йўналишлар ҳам ўрин олганки, бу борада эришилаётган озми-кўп натижалар айни йўлдаги саъй-ҳаракатлар ҳосиласидир. Президентимиз Мурожаатномасида кўзда тутилган аксарият масалалар касаба уюшмалари мақсад ва вазифаларига ҳар томонлама ҳамоҳанг эканлиги эса зиммамизга янада жиддий масъулият юклайди.

Эътибор беринг – давлатимиз раҳбари “Охирги уч йилда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттирамиз. Бунинг учун биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш – биз учун бош вазифалардан бири бўлиб қолади”, дея алоҳида қайд этди. Касаба уюшмаларининг бош вазифаларидан бири айнан ижтимоий ҳимоя масаласи билан боғлиқ эканлиги учун ҳам бу йўналишда имкон қадар каттароқ натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.

Жорий йилда жамоат ташкилоти тизимида ҳисобот-сайловлар йили. Шу кунларда муҳим жараёнга тараддуд кўриш баробарида барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилмоқда. Етакчилар жам бўлган давраларда эришилган ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлмай, олдиндаги катта режаларни бекаму кўст рўёбга чиқариш масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Ана шундай иш тамойили барқарорлигига эришилган тақдирдагина Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Шокиржон БОЛТАБОЕВ,

Андижон вилояти касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси раиси