Андижон 24

МУНОСИБ УНВОНГА ЛОЙИҚЛИК ИФОДАСИ


14.01.2020   2594

Ҳар бир инсон "ватанпарвар", "ватан ҳимоячиси", "юрт фарзанди" каби ижобий маънодаги таърифларга эришиш учун интилади. Андижон шаҳри марказий кўчаларида ўтган ҳарбий юришда ана шу янада ёрқинроқ намоён бўлди наздимизда.

– Ўтган бир ой давомида жойларда ташкил этилган маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари ёшларимизнинг онгу шуурига ватанпарварлик туйғуларини олиб кирди, – дейди жамоаси ва талабалар билан парадга келган Андижон давлат тиббиёт институти ҳарбий кафедраси мудириАкмалжон Насриддинов. – Кафедрамизда 7 нафар ҳарбий-педагогик салоҳиятга эга ўқитувчи фаолият олиб боради. 130 га яқин талаба курсантлар таҳсил олмоқда. Оммавий ватанпарварлик ойлигида фаол иштирок этган 300 га яқин парад иштирокчилари машғулотларда ўрганганларини намойиш қиладилар.

Амир Умархон, Миллий тикланиш кўчалари Амир Темур шоҳкўчаси билан туташган чорраҳада вилоят ҳокимиҳарбий-маъмурий сектор раҳбари ШуҳратбекАбдураҳмонов парадни бошлашга рухсат берганидан сўнг Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотига тегишли бўлган байроқлар билан жиҳозланган техникалар ҳаракатга тушди. Бирин-кетин армиямизнинг фахри бўлган жанговар ҳамда фуқаро муҳофазаси тизимига тегишли ёнғин ўчириш, қутқарув машиналари Навоий шоҳкўчаси томон йўл олдилар.

– Аскар бўлишга қизиқаман, – дейди мактаб ўқувчиси Сарварбек Нормаматов. – Бу томошани биринчи маротаба кўришим. Ҳарбий машиналар ҳавасимни оширди. Уларнинг олдида расмга тушиб, аскарлардан саволларимизга жавоб олдик.

Техникалардан сўнг ҳарбийлар, вилоят ташкилотлари, олий ўқув юртлари, йирик корхона, муассасалар ходимлари, ишчи-хизматчилари, туман ва шаҳарларнинг вакилларидан иборат колонналарнинг саф юриши бошланди.

– Набирам Мустафо билан кўриб ҳузурланяпмиз, – дейди Марҳамат туманидан келган меҳнат фахрийси Турдиали Ҳўжақулов. – Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг аҳамиятини педагог сифатида яхши биламан. Атрофдагиларнинг ҳайрат ва ҳаяжон билан томоша қилаётганини қаранг. Бу уларга қувват, янгича шижоат, ишонч, ғайрат бағишламоқда.

Кўчаларнинг икки томони томошабинлар билан тўла. Парад иштирокчиларига олқишлар янграйди. Шаҳар ҳокимлиги ёнида тикланган минбарда сектор раҳбарлари, давлат, жамоатчилик вакиллари, оқсоқоллар сафдагиларни қўллаб-қувватлаб турдилар.

– Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз осойишта, яхши кунларимиз кўп, Ватан ҳимоясида турган ўғлонларимиз соғ-омон бўлсин, – дея дуо қилди 70 ёшни қоралаган Энахон ая Тешабоева.

Дарҳақиқат, тинчлик азиз неъмат. Мана шундай кунлар шукронасини келтириш, Ватанимизни кўз қорчиғидек асраш, гуллаб-яшнаши, тараққий этиши учун ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.Уни адо этсакгина содиқ фарзанд, деган унвонга муносиб бўламиз.

М. Тўхтаназаров.

Х. Араббоев олган суратлар.