Бугуннинг гапи

Муносабат: Зиммамиздаги масъулият янада ортди


10.01.2018   313

Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ депутатлари Кенгашларининг роли, халқ ноибларининг ваколатлари оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма- босқич кенгайтирилди, депутатлик назорати мустаҳкамланди. Бу, ўз-ўзидан, биз халқ вакилларидан фаолиятимизни янада жонлантириш, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш билан сайловчилар билдирган ишончни оқлашни талаб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, қайси соҳа, қайси йўналиш бўлмасин, бизнинг фаолиятимизга асосий баҳони халқимиз беради, бундан буён бошқача бўлмайди. Шу боисдан жорий йилда аҳоли билан юзма-юз мулоқотларни изчил давом эттириб, жойларда ечимини кутаётган масалалар, муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлишимиз, бунинг учун жамоатчилик назоратини янада оширмоғимиз лозим.

Қалбимни тўлқинлантирган бир ҳолат бу – давлатимиз раҳбарининг мурожаатларида ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилганлигидир. Бу, "адолат"чиларга қувонч, эртанги кунга мустаҳкам ишонч келтириш билан зиммамизга улкан вазифа ва масъулият юклайди. Чунки Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси – мамлакатимизда "Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун" тамойилига амал қилган ҳолда, турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилашнинг муҳим шарти бўлган, кўп йиллик мустақил тараққиётимиз даврида ўзини оқлаган давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб, ҳаётга самарали татбиқ этиш тажрибасини давом эттириш тарафдори. Зеро, инсоннинг оиласидаги фаровонлик, ҳаётга муносабати, охир-оқибатда эса жамиятимизнинг барқарорлиги, иш билан таъминлангани, ижтимоий ҳимоялангани, меҳнати учун муносиб ҳақ олаётганига бевосита боғлиқ.

Депутатлар бундан хулосалар чиқаришимиз зарур, юрт тақдири, мамлакат ҳаётига дахлдор бўлган масалалар ечимида ташаббускор ва фидойи бўлишимиз, муҳтарам Юртбошимизнинг Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз номини янада юксакларга кўтаришга қаратилган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар нафақат давлат идораларидан, балки нодавлат нотижорат ташкилотлардан янада масъуллик ва фидойиликни талаб этишини унутмаслигимиз лозим.

Марваридхон Худойбердиева,

халқ депутатлари

Хўжаобод тумани Кенгаши депутати.