Андижон 24

Муносабат: ТАЪЛИМ СОҲАСИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ


29.12.2020   771

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини зўр қизиқиш билан кузатар эканмиз, таълим тизимига яна бир бор тўхталиб, жамиятда устоз ва мураббийлар обрўсини янада кўтариш бўйича билдириб ўтган фикрлари барчамизда фахрланиш туйғусини оширди.

Юртбошимизнинг олий таълимнинг қамрови ва сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратиши, хусусан, кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари ҳажми камида 25 фоизга оширилиши, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши, ўйлайманки, ёшларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланишига яна бир мисол бўла олади.

Президентимиз томонидан 2021 йилнинг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши барчамизни бирдек хурсанд қилди, десам муболаға бўлмайди. Охирги йилларда Юртбошимизнинг ёшларга қаратаётган тарихий эътиборининг бугун яна бир бор гувоҳи бўлдик.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканмиз, олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, 187 та техникум ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга ошириш каби билдириб ўтган фикрлари барчамизда катта таассурот қолдирди.

Юрт тараққиёти ва равнақига ҳисса қўшиб, ўз олдиларига етук кадрлар тайёрлашни мақсад қилиб олган Андижон машинасозлик институти жамоаси Юртбошимиз томонидан билдирилган ташаббус ва таклифлар ижросини сўзсиз бажаради.

Ўйлайманки, Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси кейинги фаолиятимиз учун дастуриламал бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, барчамиз учун эндиги вазифа – ушбу ташаббус ва таклифларни тўлиқ амалга оширишдан иборат.

Умид Мухтаралиевич Турдиалиев,

Андижон машинасозлик институти ректори