Андижон 24

Муносабат: САБР, БАРДОШ ВА ИТОАТ КАСАЛЛИК ЗАНЖИРИНИ УЗИШДА АСОСИЙ ОМИЛДИР


03.04.2020   4864

Президентимизнинг шахсан бошчилигида мавжуд эпидемиологик вазият назоратга олинган бўлиб, зарурий барча чоралар кўрилаётгани қувонарли ҳол. Ишонамизки, бу офат юртимизда жиддий талофатларсиз бартараф этилади. Мана шундай синовли дамларда мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир бўлиб, елкама-елка туришлари бағоят аҳамиятлидир. Агарда элимиз эзгулик йўлида бирлашса, Аллоҳ таолонинг инояти билан ҳаммаси жой-жойига тушади, ҳаётимизга яна шоду хуррамлик қайтади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам турли юқумли касалликлар ҳақида: “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз, у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса, у ердан чиқманг”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифаси саналади. Озодалик, покизалик бор жойда хасталик бўлмайди. Ким ўзини пок тутиб, тавсияда айтилганидек, қўлини тез-тез совунлаб ювиб турса, шу жумладан, бекаму кўст таҳорат олиб юрадиган бўлса, унга дарду алам яқинлашмайди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар).

Шу ўринда айтиш жоизки, барча фуқароларнинг карантин даврида уйда бўлишига оид амалиёт биргина бизнинг юртда эмас, бутун дунёда қўлланилмоқда. Шу орқали касаллик занжирини узиш чоралари кўриляпти. Бу борада барчамиз якдил бўлсак, сабр қилиб вақтимизни уйда ўтказсак, кўрилаётган чоралар ва эзгу ишларнинг самарадорлиги ошиб, аввалги осуда ҳаёт тарзимизга қайтишимиз тезлашади. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси , 2-оят).

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатволарни амалга оширишда турли ихтилофларга берилмасдан, сабр ва матонат билан ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилишимиз мақсадга мувофиқ. Бундай ҳолларда мусулмон кишиҳар хил асоссиз фитна ва иғволарга берилмасдан, жойларда турли тартибсизликлар чиқармасдан, намозларимизни ўз уйимизда адо этиб боришимиз ҳар жиҳатдан ўринлидир.

Бугун ҳар биримизнинг бош мақсадимиз битта: иложи борича, тезроқ бу офатни бартараф этиш. Шундай экан, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, Аллоҳ таолодан ёлвориб дуоларда бўлишимиз даркор.

Фурсатдан фойдаланиб, жойларда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётган шифокорларимиз ҳамда ўз соҳаларининг мутасаддиларига кучли ирода ва матонат, шунингдек, уйида ўтириб, о-фат занжирини узаётган юртдошларимизга сабр, бардош ва карантин қоидаларига итоат тилаймиз!

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

вилоят Уламолар кенгаши аъзоси,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби.