Андижон 24

Муносабат: ПРЕЗИДЕНТИМИЗ МУРОЖААТИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ ЗИММАСИГА ЯНАДА КАТТА МАСЪУЛИЯТНИ ЮКЛАДИ


08.04.2020   4066

Бугун бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган Covid-19 пандемияси кўплаб мамлакатлар учун салбий оқибатларни олиб келмоқда. Афсуски, мазкур коронавирус пандемияси айнан бизнинг юртимизда ҳам аниқланди. Барчамизга маълумки бугунги кунда ушбу касалликка чалинган ҳамюртларимизнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ҳорижий мамлакатларнинг жамияти ҳаётига, турмуш тарзи ва давлатнинг иқтисодиётига бевосита ўзининг салбий таъсирини ўтказишга улгурган мазкур вирусли пандемияга қарши курашишда барчамизнинг ўрнимиз алоҳида аҳамиятга эга. Ҳукуматимиз томонидан коронавирус пандемиясини мамлакатимизда кенг тарқалиб кетишининг олдини олишга қаратилган кескин чора-тадбирларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз муҳим. Бунда биздан уйда қолиб, гигиена қоидаларига қатъий амал қилишимиз талаб этилмоқда. Кўзга кўринмас зарранинг инсон ҳаёти учун қай даражада ҳафвли эканини билишимиз ва ундан ўзимиз, яқинларимиз,юртдошларимизни эҳтиёт қилишимиз керак.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳукуматимиз томонидан мазкур эпидимиологик вазиятни жаннатмакон юртимиздан бутундай бартараф этишга қаратилган аник чора-тадбирлар асосидаги ишлар қаторида олий ва ўрта махсус таълим тизимида таҳсил олувчилар, мактаб ўқувчиларини масофавий онлайн тартибда ўқитилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда талабалар, ўқувчилар ва ўқитувчиларга вақтинчалик таътил эълон қилинган бўлсада, масофавий ва онлайн тарздаги машғулотлар улар дарсларни ўз вақтида ўзлаштиришларига омил бўляпти. Муҳтарам Президентимизнинг куни кеча халқимизга қилган мурожаатида бутун Ўзбекистон ёшларига қарата “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг, китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” – дея айтган таъсирли сўзлари биз, яъни олий таълим тизими профессор-ўқитувчилари зиммасига ҳам янада катта масъулиятни юклади.

Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали жамоаси ҳам карантин шароитида талабаларимизга масофадан туриб дарсларни ўтиш, сифатли таълим беришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ҳар бир босқич талабалари ва магистрларнинг ўз мутаҳассисликлари бўйича 2019-2020 ўқув йилининг баҳорги семестрида ўқув режалар бўйича ўтилаётган масофавий ва онлайн дарсларнинг сифатлилиги ва талабалар учун тушунарли бўлишига алоҳида эътибор беряпмиз.Ютуб “TDAU Andijon filiali”, масофавий таълим сайти https://mt.tdauaf.uz/ ишга тушди. Қолаверса, филиалимизнинг расмий сайтлари Facebook://http://facebook.com/Tdauandijonfiliali, Telegram: t.me/andfilial_pressa ижтимоий тармоқларида дарсликлар, мавзу юзасидан топшириқлар, мутаҳассисликлар бўйича услубий қўлланмаларжойлаштирилиб борилмоқда. Масофавий таълим платформасидан фойдаланиш, унинг талаблари профессор-ўқитувчилар ва талабаларга тўлиқ етказилди.

Шунингдек, Германия билан ҳамкорликдаги Praxx, LOGO, Az Germany дастури бўйича келажакда Германияда қишлоқ ҳўжалиги соҳаси бўйича амалиёт ўташ ниятида бўлган талабалар учунфилиалимизнинг Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси томонидан t.me/deutsch1985 орқали онлайн машғулотлар ўтиш ҳам йўлга қўйилди. Талабалар немис тилининг граматик қоидалари, матн тузишнинг янгича усулларини ўрганиш билан бир қаторда янги сўзларни ёдлаб луғатларини бойитишмоқда.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак талабаларни карантин вақтида бўш қолмасдан ҳам ақлий ҳам жисмоний фаол бўлишларига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент давлат аграр университети жамоаси, профессор-ўқитувчилари муҳтарам юртбошимизнинг мурожаатида айтган сўзлари ва белгилаб берган вазифаларини амалга оширишга тайёр.

Азиз ватандошлар, андижонликлар ва филиалимиз талабалари бугун давлатимиз катта кураш майдонида.Бу ҳам бўлса коронавирус пандемиясини юртимизда бартараф этиш учун аниқ ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Биздан талаб этиладигани шуки, такрор ва такрор уйда қолишимиз, гигиена қоидаларига амал қилишимиздир. Кечани кеча кундузни кундуз демай меҳнат қилаётган масъулларнинг хизматларини қадрлайлик. Бу вазиятга беписандлик билан қарамайлик. Зеро барчаси албатта сизу бизнинг, халқимизнинг саломатлиги муҳофазаси учун. Шундай экан уйда қолайлик. Биз бирмиз, бир кучмиз ва бир бўлиб енга оламиз.

Тошкент давлат аграр университети директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент К.С. Комилов.