Андижон 24

Муносабат: ПРЕЗИДЕНТИМИЗ МУРОЖААТИ БИЗГА ЯНАДА КАТТА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАДИ


05.04.2020   14254

Бугун бутун дунёда коронавирус пандемияси авж олди ва афсуски, ушбу офат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Юзага келган оғир вазиятдан келиб чиқиб, Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ёшларини ана шу хавфдан асраш учун таълим муассасаларида навбатдан ташқари таътил эълон қилинди, ўқитувчилар ҳам таътилга чиқарилди. Бироқ, олий таълим муассасалари талабалари учун масофавий таълим шакллари жорий этилиб, онлайн тарзида машғулотлар олиб борилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз халқимизга мурожаатида ўқувчи ва талаба ёшларга қарата: “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг,” –деб айтган сўзлари биз – олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Карантин шароитида талабаларга масофадан туриб сифатли таълим бериш борасида Андижон давлат университети ҳам мавжуд куч ва ресурслар ишга солиниб, масофавий таълим дастури жорий этилди. Дастурга кўра қисқа муддатларда университетнинг масофавий таълим платформаси http://mt.adu.uz ишга тушди. Мавжуд 36 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 20 та магистратура мутахассисликлари 2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестрида ўқув режалар бўйича ўқитилаётган фанлардан ўқув услубий мажмуалар, ишчи ўқув дастурлари, тест саволлари, мустақил таълим топшириқлари, мавзулар бўйича тақдимотлар, масалалар тўплами, назорат саволлари каби 6 мингдан ортиқ ўқув материаллари платформага жойлаштирилди. Масофавий таълим платформасидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиб, кафедралар ҳамда академик гуруҳларнинг телеграмм гуруҳлари орқали профессор-ўқитувчи ва талабаларга етказилди.

Шунингдек, талаба ва ўқитувчиларнинг юзма-юз мулоқот қилиши, маъруза дарсларини онлайн мулоқот кўринишида ўтказиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Ҳозирда синов тариқасида ZOOM Cloud Meetings дастури орқали онлайн дарсларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Университет масофавий таълим дастурига кўра университетнинг расмий телеграмм канали (https://t.me/asu_uz), университет бўйича барча гуруҳларнинг телеграмм каналлари, YouTube.com даги университетнинг (www.youtube.com/Andijondavlatuniversiteti) саҳифаси орқали керакли ўқув материаллари, масофавий таълимга оид янгиликлар, видеодарслар доимий равишда жойлаб борилмоқда.

Талабалар билимларини назорат қилиш, уларни мунтазам баҳолаб боришнинг масофавий тизимини жорий этиш учун онлайн баҳолаш платформаси http://test.adu.uz ишлаб чиқилмоқда.

Битирувчи босқич талабаларининг давлат имтиҳонларига тайёргарлиги ва битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси)ларини тайёрлаш бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан масофавий таълим платформаси ҳамда телеграмм каналлари орқали талабаларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Талабаларнинг уй шароитида ўқув ва бадиий адабиётлардан қулай тарзда фойдаланишларига кўмаклашиш мақсадида 3 мингдан ортиқ ўқув адабиётларини ўз ичига олган www.kutubxona.adu.uz номли QR кодли электрон кутубхона ишга туширилди.

Бир сўз билан айтганда, университетимизда Президентимиз мурожаатида ҳамда карантин шароитида амалга ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда талабалармиз масофадан туриб пухта билим олмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Талаба ёшлар карантин шароитида уйда қолиб, вақтини китоб ўқиш, фойдали ишлар билан шуғулланиш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратиши муҳимдир.

Акрамжон ЮЛДАШЕВ,

Андижон давлат университети ректори