Андижон 24

Муносабат: ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДАРГОҲЛАРИ МАЪНАВИЯТ УЛҒАЯДИГАН МАСКАН БЎЛИШИ ЛОЗИМ


21.01.2021   2261

Давлатимиз раҳбарининг 19 январ куни ўтказилган видеоселекторда қилган маърузасида маънавий, маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, ҳусусан таълим даргоҳларида маънавиятга берилаётган эътибор хақида сўз борди. Бу келажакка қилинган эътибор, эртанги кун эгалари манфаатлари кўзланган тарихий нутқ бўлди.

Юртбошимиз олий таълимда фаолият кўрсатаётган зиёлилар, олимлар, ўқитувчиларнинг жамият ривожидаги ўрнини тўғри ва ҳолис бахоладилар. Ҳақиқатдан ҳам таълим даргоҳларида тарбиявий ишларни олиб борилиши бугунги ахборот замонига жавоб берадиган даражада эмас. Буни ҳаётнинг ўзи исботлаб қўймоқда.

Президентимиз барча тарбиявий жараёнларда олимларнинг иштирокини таъминлаш бўйича кўрсатма бердилар. Айниқса бу йўналишдаги ташаббуслар орасида ҳар битта маҳаллага биттадан зиёлиларни бириктириш таклифи ўзига ҳосдир. Бу борада Андижон тиббиёт институти ташаббускор бўлади ва устозларимиз маънавий муҳит бўйича ҳам ўз лойиҳаларини тақдим этадилар.

Бундан ташқари давлат раҳбарининг олий таълимда маънавий-маърифий ишлар бўйича махсус кенгаш тузиш таклифини киритгани тизимдаги маънавий муҳитда туб бурилиш ясайди. Ушбу ташаббусдан келиб чиқиб, Андижон тиббиёт институтида ўқитувчилардан бошлаб маънавий наъмуна имиджини шакллантиришга эътибор қаратмоқчимиз. Бу йўлда бизга Президентимизнинг айни ушбу маърузалари кўмакчи бўлади. Улар томонидан бу кенгашнинг вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилди. Демак бизлардан тўғри ижро талаб этилаябди холос.

Шунингдек, маърузада Олий таълим соҳасида маънавий-тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш маънавият марказлари билан биргаликда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Бизнинг институт вамаънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундан буён ҳам йўналишларга ажратган ҳолда янги ҳамкорлик битимларини тузиб, режа асосида маънавият соатларини ташкил қилиб борамиз.

Шу ўринда айтиш ўринлики, ректорлар ва барча бўлим бошлиқларининг шахсан ўзлари маънавий ибрат наъмунаси бўлмоғи керак.

Биз вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорлигимизни ҳам янада мустаҳкамлаган ҳолда, мактабларни нафақат билим ва савия жиҳатидан, балки маънавий маърифий ишларда ҳам оталиққа олишимиз, уларга методик ёрдам кўрсатиб, яқиндан ёрдам беришимиз керак. Болаларимиз телефон ёки интернет орқали эмас, буюк аждодларимиздан меърос- миллий қадриятларимиз, анънана ва урф одатларимизнинг ибрати ила тарбия топмоғи лозим. Мана шу ўринда олий таълим ва умумий ўрта таълим тизимлари ўртаси устоз ва шогирд анъналарини йўлга қўйиш самарали натижаларни беради. Ҳулоса қилиб айтганда Андижон тиббиёт институти тиббий изланиш билан бир қаторда жамиятнинг жони ва руҳи бўлган маънавий баркамоллик сари илдам боради.

М. МАДАЗИМОВ

Андижон тиббиёт институти ректори, профессор.