Жамият

Муносабат майдони: ПОДАДАН ОЛДИН ЧАНГ ЧИҚАРМАНГ


17.08.2018   288

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги бозорда рўй берган ҳолат тасвирланган видео тарқалди. “...бозорда катта ёшли аёл ўғриликда гумонланиб, оломон томонидан калтакланди”, дея изоҳ берилади тасвирга. Биз воқеликка аниқлик киритиш мақсадида Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, тергов бўлими бошлиғи Анваржон Иминовдан тафсилотларни сўрадик.

Андижон туманида туғилиб, шу ҳудудда яшовчи А.А. жиноий қилмишлари учун муқаддам тўрт марта судланган. 2018 йил 14 август куни соат 11.00 ларда Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган савдо бозорида И.Н.нинг сумкасидан 192 минг сўм, фуқаро С.Г.нинг сумкасидан 30 минг сўм миқдоридаги пулларни ва уяли алоқа телефонларини яширин равишда олиб, ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлганида қўлга тушган. Воқеа жойида жабрланувчи И.Н. ва ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган Г.Р. уни туман ички ишлар ходимларига топшириш мақсадида ушлаб олишган.

Натижада А.А жиноий жавобгарликдан қочиш учун ўзини ўша ердан оқиб ўтувчи Шахрихонсой каналига ташлаган.

Воқеа жойига етиб келган туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори А.А ни сойдан чиқариб, бўлимга олиб келган.

Ҳолат расмийлаштирилиб, А.А.нинг ёнида алоҳида-алоҳида солинган 192 минг, 295 минг, 31 минг сўм миқдоридаги пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида баённома орқали олинган.

Шу йилнинг 14 август куни туман ИИБ томонидан А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

- Шу жойда яна интернет орқали тарқатилган тасвирга эътиборни қаратамиз. Мол аччиғи, жон аччиғи устида пулини ўғирлатган жабрдийдалар аёлнинг таъзирини бермоқчи бўлишган кўринади. Бундай хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берсангиз.

- Фуқаролар И.Н ҳамда Г.Рнинг гумон қилинувчи А.А га нисбатан сўроқ олиб боришлари ва унинг кийимларини ечиб олишга уриниш ҳолатлари юзасидан дастлабки тергов даврида ҳар иккала шахс ва бошқа фуқаролар сўроқ қилиняпти, - дейди тергов бўлими бошлиғи. – Ушбу ҳаракатлар ноқонуний эканлиги, уларнинг бундай ҳуқуқлари йўқлиги тушунтириляпти. Ҳар иккала фуқаро ва бошқа иштирокчиларнинг ўзбошимчалик билан ўукм чиқаришга интилишларига нисбатан қонуний баҳо берилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига кўра одил судловни фақат суд органи амалга оширади. Суриштирув ва дастлабки тергов ишларини эса фақат ҳуқуқ-тартибот органлари идораларининг белгиланган ваколатли шахслари олиб боради.

Фуқаролар томонидан гумон қилинган шахсни сўроқ қилиш, таҳқирлаш ёки унга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириш қонун билан таъқиб қилинади. Фуқаролар гумонланувчининг ҳаракатлари юзасидан яқин орадаги ички ишлар бўлимига хабар бериши, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини чақириш орқали уларга гумонланувчини топшириш ваколатига эга.

Албатта, инсон шаъни, ғурури, қадр-қимматига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарур. Асосий қонунимиз – Конституцияда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган. Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида дадил одимлаётган давлатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг бош мақсади ҳам инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият барпо этишдир.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Подадан олдин чанг чиқариб, глобал тармоқда жар солиш ақли расо одамнинг иши эмаслигини англагандирсиз?