Андижон 24

Мулоҳаза учун мавзу: ЖАВОБСИЗ САВОЛЛАР


09.04.2020   1747

Ҳар қандай дард инсон руҳини поклайди.

Ҳар қандай табиий офат жамиятни соғломлаштиришга, одамларнинг кўзини очишга хизмат қилади.

Лоақал II жаҳон уруши йилларини эслайлик. Ўша машъум даврда ҳамманинг мақсади муштарак, яъни фашизм балосини даф этиш эди. Ўшанда одамлар ўзларининг шахсий муаммоларини бир четга суриб, бир тан-бир жон бўлиб душманга қарши ҳаёт-мамот жангига отланганди. Гарчи лаънати уруш 50 миллион кишининг ёстиғини қуритган бўлсада, барибир дунёда тинчлик ўрнатилди, эзгулик ва инсонпарварлик ғалаба қозонди. Бу даҳшатли муҳорабада айтиш мумкинки, якдиллик, ҳамжиҳатлик, жипслик ва аҳиллик фазилатлари ёвуз кучларни маҳв этишда муҳим, хал қилувчи аҳамият касб этди.

Бугунги кураш ҳам ўша оғир кунларни ёдга солаётган бўлса ажаб эмас. Уруш йиллари душман аниқ эди, ким билан олишаётганингизни билардингиз, унинг куч-қудратидан хабардор эдингиз. Ҳозир вазият бирмунча мураккаброқ ва ҳавотирлироқ. Негаки, микроскобда минг баробар катталаштирганингизда ҳам чумолининг кўзидай кўринмайдиган маҳлуқ бутун инсониятни талвасага солиб қўйди. Ер қолиб Марсни кўзлаган, уммон остини ҳатлаган, қушдан тезучоқлар ясаган, Мағриб билан Мағриқни туташтира олган инсон увоқдан ҳам кичик, кўзга кўринмас вирус балоси олдида ўзини ожиз ва нотавон сезаётганига ақл бовар қилмайди.

Ақл-фаросатли зотлар бу синовдан хулоса чиқариб, ўзининг хасчалик холи йўқлигини, ҳаммаси Яратганнинг иродасига боғлиқлигини англаб етаяпти. Бундай чуқур мулоҳазадан мосуво кимсалар “Ётиб қолгунча отиб қол” қабилида иш тутиб, эл бошига иш тушганида шахсий манфаат, нафс, бойлик ҳақида ўйлаб, жон олиб, жон бераяптилар. Улар ҳукуматимизнинг фуқароларга ғамхўрлиги борасидаги амалий чора-тадбирлардан андоза олмай, ўз кумочига қўр тортиш билан оворалигини қандай изоҳлашга сўз ожиз. Шундай II жаҳон урушида ҳам ўзбек халқи ўз бағрини очиб, минг-минглаб ўзга миллат фарзандларини қучоғига чорлаганини наҳотки унутган бўлсак? Ўзи ночор, бир бурда нонга зорлигига қарамай битта майизни қирқ кишига улашган саҳоватпеша миллат авлодлари эканлигимизни билмаймизми?

Тўғри, ҳиммати тоғдан баланд, ор-номусли юртдошларимиз коронавирус балосини даф этиш учун Меҳр-шафқат ва саломатлик фондига миллионлаб сўм маблағ ажратяптилар. Бисотидаги охирги сармоясини аямаётган оқибатли, очиқдил, ҳамиятли, меҳрибон инсонлар чинмаънода миллатнинг сийратидир.

Афсуски, гуруч орасида курмак топилгани каби, одамнинг ҳам оласи бор экан. Ундай шахслар учун қўни-қўшни, эл-юрт ташвишининг бир мисқолчалик аҳамияти йўқ, муҳими ўзи хотиржам, бой-бадавлат яшаса бас. Холбуки, тошдан тошга урилиб пишган томчилардай биллур ҳикмат шуки, ҳеч ким, ҳеч қачон танҳо бахтли бўлолмайди. Тасаввур қилинг, хадсиз-ҳисобсиз олтин-кумуш, емоқ ичмоқ билан кимсасиз оролга тушиб қолдингиз. Бу холатда ҳолингиз не кечар экан. Ҳа яхшилар, “дўст билан обод уйинг, гар бўлса ҳам вайрон ул” деганида Эркин Воҳидов ҳақ эди. Мана шу байт бизларга аталган эди. Мана шу икки мисра шеърни юрагига мухрлаган Зот “давр келганида сур бегим” демай, ҳар қандай ваҳима, шов-шувларга берилмай Аллоҳга таваккал қилиб яшашда давом этарди. Аксинча фикрловчиларнинг асл қиёфасини бозорларда кўрдик. Қоп-қоп ун, картошка, сабзи, бошқа озиқ-овқатларни сотиб олиб, ёнидаги биродари ризқини қийганлар холини билдик.

– Менинг бир қўшним бор, – дейди Андижон шаҳридаги Бўстон мавзесида яшовчи муаллим йигит. – У бозорлар ёпилармиш, деган миш-мишни эшитиб, йигирма қоп Қозоғистон уни, беш қоп гуруч, ярим тонна картошка, юз қилограмм қиздирилган писта ёғи ва яна қанча озиқ-овқат маҳсулотларини иккита “Лабо”га босиб, уйининг ертўласига жойлаган эди. Ҳозирдан ҳавоси дим жойда маҳсулотларнинг хиди кўтарилиб, бизни ҳам безор қилаяпти. Шунда ҳам сир бой бермай, вақт борида озиқ-овқатларнинг бир қисмини яқинларига сотиш ёки эҳсон қилиш кераклигини, акс ҳолда улар фойдаланиш учун яроқсиз холга келиши мумкинлигини ҳаёлига келтирмаяпти.

Яна бир танишим Тошкентдан икки юз минг сўмга келганини, ўша кунлари ҳайдовчилар “отам баҳоси”ни қўйиб олганини, яхшики вазиятни илғаган тадбиркорлар талабаларни бепул ташиш ташаббуси билан чиққанлигини айтиб, кўнглини ёзди.

Надоматларким, бундай очкўзлик, баҳиллик, хасислик иллатлари бозорларимизни тарк этмаяпти.

– Кеча Хўжаобод деҳқон бозоридан картошка ва пиёзнинг бир килосини беш минг сўмдан сотиб олдим, – деб куюнди “Шаҳрихонсой” маҳалласи фуқароси Хусанбой Нурматов. – Шу ҳам инсофданми? Ижтимоий тармоқларда кимдир азбаройи жаҳли чиққанидан “Келинглар, бир ой картошка емай турайлик, бу олиб сотарларнинг маҳсулоти чириб кетсин”, – деб ёзибди. Уч кило картошкани ўн беш минг сўмга олгач, мен ҳам шу фикрга қўшилдим.

Яна бир таниқли зиёли қизиқ гап айтиб қолди.

– Биласизми, илгари иморат қурган устани рози қилиш учун алоҳида дастурхон ёзилиб, хизмат ҳақидан ташқари бир сидра кийим-бош ёки тўн, дўппи, чорси тақдим этиларди. Ҳозир бу анъана барҳам топди. Нега шундай бўлди, деб кўп кексалар билан суҳбатлашдим. Ҳамманинг хулосаси бир:

– Аввалги усталарда инсоф бор эди. Беш қўлини баровар оғзига солмасди. Кейин шу иморат менинг меҳнатим маҳсули, у касбимнинг кўрки, қиёфаси, номуси, деб пойтеша чопарди. Ҳозир қурилиш дўконларидан тайёр материлалларни олиб берсангиз ҳам осмондаги нархни айтиб туриб олишади. Мана шу нафс, очкўзлик айрим усталар обрўсини тушириб қўйди...

Энди сарлавҳадаги фикрга қайтсак. Чиндан ҳам покдамон, дину-диёнатни маҳкам ушлаган, оилада мустаҳкам тарбия кўрган, ҳалол ва ҳаром, оқ ва қора, яхшилик ва ёмонлик, савоб ва гуноҳ моҳиятини чуқур ҳис қилган насл-насабли улуғ зотлар авлодимиз. Аммо, бугунга келиб эл бошига иш тушганида ўз манфаатини ўзгалар ҳаловати, тинчлиги, фаровонлигидан устун қўядиган шахслар қандай пайдо бўлаётганига акл бовар қилмайди. Маънавиятимиз, руҳиятимиздаги бу каби нуқсонларнинг туб илдизини қаердан изламоқ керак? Афсуски, бу савол ҳамон жавобсиз қолмоқда!..

Умида АБДУЛЛАЕВА.