ЖАМИЯТ

Муҳаррирга мактуб: АНДИЖОН, КЕТИБ ҚОЛАВЕРАР СЕНГА ЎЙЛАРИМ!..


03.04.2020   2526

Муҳаррирга мактуб: АНДИЖОН, КЕТИБ ҚОЛАВЕРАР СЕНГА ЎЙЛАРИМ!..

Ассалому алайкум Саидаҳмаджон!

Худонинг синовли кунларида соғ, омонмисиз?

Биз ҳам тинчмиз. Кўнгил оз-моз чўкиброқ турганини айтмаса, ҳар қалай, яхши ниятлар билан ижодда бардавоммиз. Руҳи сал чўккан кунларда одам туғилган юртини, унинг ажойиб, заҳматкаш инсонларинингомонлигини ҳам ўйлайвераркан. Кўнглингни суяб турган чеҳраларни бошқача соғина бошлар экансан.

Билмадим, Сизга юбораётганим бу нарсалар шу кунларда тўғри келадими, йўқми, ҳар қалай, шу пайтда “Андижоннома”ни ҳам тусади кўнгил. Туркумни жўнатишдан олдин минг бир истиҳола билан, вилоятимиз матбуоти билан боғлиқ дўстлар, устозларимизга маслаҳат солдим. Тортинмай юборинг, деган гапни айтишди...

Кўрарсиз. Мақбул келмаса, ҳеч бокиси йўқ. Умри матбуот тупроғини ялаб ўтган одам сифатида ҳаммасини тўғри тушунаман.

Эҳтиром билан,

Тошкент томонларда яшайдиган андижонлик Бир Бола.

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

Андижон фарзанди.

1954 йили Избоскан туманида туғилган.

Миллий университетнинг журналистика факультетида таҳсил олган.

Ўндан ортиқ шеърий, насрий, публицистик китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Айни кунда Тошкент шаҳрида яшайди.

СОҒИНЧ ҚАРИМАЙДИ

Андижон,

Бир пайтлар

Дилкашроқмидинг...

Гиналар қилардинг жигаримдай хуш.

Нечундир, сийракроқ йўқлайсан энди,

Меҳринг ҳам бир қадар олгандай сўлиш?..

Бир пайтлар,

Соғинсам, шитоб жўнардим,

Энди шайланаман икки, уч ойлаб!

Не бир мулоҳаза, минг бир андиша,

Ва яна, имконнинг раъйига қараб!..

Кўклам келсин,

Шу қор эрисин,

Ҳаволар илисин, дейман, кутаман.

Довон хавфли– йўллар қурисин...

Соғинчнинг маҳрига сабр тутаман.

Соғинч...

Қаримаскан,

Юзга кирса ҳам,

Яшариб бораркан кексайган саринг.

Андижон, гарчи сен йўқламасанг ҳам,

Кетиб қолаверар сенга ЎЙЛАРИМ!

09.05.2017

Наққош уста Йўлборс хожи Ўтагановга

мактуб

Хожи бува,

Сизнинг қалам, темирдан,

Оддий теша чопиб, туйғу ёзасиз.

Оғочларни силаб, наволарида

Нечон семирасиз, нечон озасиз.

Сиз, шоирсиз,

Нақшин нигор кўнгилли,
Шоир бўлганда ҳам ўз-ўзига хос.

Ёғочга чекасиз менинг кўнглимни,

Зарур ҳам бўлмайди давоту қоғоз.

Йиғларингиз, ёғочларнинг юзида,

Ва кулсангиз, нақшларда куласиз.

Сиз бугун Андижон шаънига адо,

Девона Машрабсиз, Мажнун –ўзингиз!

Бизми,

Э, йўл бўлсин, ҳавасманд банда,

Қани сиздай ёзсак! Сиз – нақши замон!

Сиз бир тунд ёғочни куйлатёганда,

Биз нафс водийсида урамиз жавлон.

Йўлборс хожи бобо, ай наққош бобо,

Худбин дил дардини айтайин, кимга?

Мен ҳам ифор бўлай, тарата сабо,

Бир гул чизиб беринг заранг қалбимга!

30.03.2020

КУЗГИ ХИЁБОН

Хайр,

Оғоч ўриндиқ...

Энди бунда ўрним йўқ.

Энди сенда ўтириб,

Айтадирган сирим йўқ!

Умр!...

Бир кун шу экан,

Ёлғиз экан бандаси...

Боримни айтиб бўлдим,

Қолмади айтгулик сўз.

Яхши қол, хайр, ўриндиқ,

Омон бўл... айрилдик биз,

Энди бунда ўрним йўқ.

Сен шўрликда, ўтири-иб,

Айтадиган сирим йўқ!...

***

Ҳаво...
Ўз ҳоврига димланиб олди,

Бўғриқади, атроф жавониб.

Набототи беҳол, шамоли беҳол,

Борлиқ ёниб ётар, бу, ахир Жануб!

Жазирама отди яна битта тонг,

Тафт ташлайди фақат кўршомга бориб.

Ўҳ, менинг отам-а, ўтиб кетибди,

Жизғон далаларда... офтоб суғориб!

***

Қадамимда йўллар ястанди,

Сафаридан берсин, Худойим!

Қуриса ҳам майли-да силлам,

Йўллар билан бўлайин, доим.

Мен

Йўлларсиз ҳеч ким эмасман,

Йўли йўқнинг номи ўчадир.

Менсиз йўл ҳам ҳеч ким эмасдир,

Менсиз у ҳам оддий кўчадир.

***

Билсанг,

Бизнинг ёшлик бошқача эди,

Бошқача боқардик бир биримизга.

Илкис нигоҳларда бўзлашар эдик,

Изҳорни дил қилиб кўзларимизга.

Нигоҳлар туташса, дилда ғалаён,

Бир он чақнашида милён маънолар.

Керак ҳам бўлмасди сўзга бой забон,

Уят ҳукмидайди оҳу воҳ, нола.

Меҳрим булоқлари сенга оқарди,

Сен эса яшардинг ибо наҳрида.

Жуда баланд эди ҳаёнинг қадри,

Шунчалар баландки, Тангри маҳридай.

Пинҳон қовурарди

Ишқ дарди бизни,

Гар урён эcа-да фарёдларимиз...

Индамай айтардинг сен ўша сўзни,

Индамай йиғларди... тунларим, унсиз.