Жамият

Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота зиёратгоҳи


19.07.2017   1014

Асака туманидаги Хонақа маҳалласи юртимизнинг қутлуғ ва табаррук гўшаларидан бири. Маҳалла кексаларининг сўзларига кўра, улар кўз очган маскан ҳозирги Фарғона водийсида эрамиздан аввалги II-I асрларда иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланган қадим Даван давлатининг таркибий қисмларидан бири бўлган. Маҳалланинг шимол томонидан ўтган темир йўл яқинида жойлашган ва “дева” дея аталган, баландлиги тахминан 10-12 метр бўлган тепалик ўша даврнинг тилсиз гувоҳи саналади. Археолог-мутахассислар томонидан тепаликда олиб борилган қазишма чоғида топилган қадимий иш қуроллари, уй-рўзғор буюмлари 2000 йиллик тарихдан далолат беради.

Маҳаллий аҳоли ўртасида маҳалланинг “Хонақо” дея аталиши ислом динининг юртимизга кириб келиш даври билан боғлиқ, деган тушунчалар бор. Маҳалла фаоли, мустақил тадқиқотчи-тарихчи Нажмиддин Ёқубов бу хусусда шундай дейди: “ Хонақо”- хонақоҳ, яъни намоз ўқийдиган жойини англатади. Исломнинг дастлабки даврларида масжидлар қабристонларнинг ёнига қурилган ва табиийки унга туташ хонақоҳлар ҳам бўлган. Чунончи маҳалламиздаги қабристоннинг шарқий қисмида қадимдан масжид мавжуд эди. Кейинчалик Шўро даврида йўқ қилинди.”

Хонақо маҳалласининг чор атрофга маълум машҳур бўлишида бу жойдаги Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота зиёратгоҳи алоҳида ўрин тутади. Эл-юрт орасида “Эшон ота” номи билан улуғланган табаррук зотнинг вафотига икки ярим асрдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз унинг мақбарасини тавоф этишга, зиёрат қилишга интилишади.

Асрлар оша одамлар қалбидан жо олиб, дилларга эзгулик нурларини сочаётган Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота ким бўлган, деган савол туғилиши табиий албатта. Авлодларидан олинган маълумотларга кўра, у 1680 йилда ҳозирги Асака туманининг Қизлаёқ маҳалласида дунёга келган. Дастлабки исломий сабоқларни маҳаллий қорилардан олган. Билимга чанқоқлиги, ўткир зеҳни билан уламолар эътиборига тушади. Уларнинг тавсиясига кўра, Муҳаммад Сиддиқ Бухородаги мадрасада диний-исломий сабоқ олиш баробарида тиб илмини ўрганади. Руҳшунослик (психотерапея) борасида чуқур билимга эга бўлади.

Исломий илмда ўзгалардан ажралиб туриши бухоролик илм намояндаларини ҳам эътиборсиз қолдирмайди. Мадраса мударрисларининг тавсиясига мувофиқ, Бухоро амири маблағи ҳисобидан Муҳаммад Сиддиқ билимини такомиллаштириш мақсадида хорижга – Ироқдаги Бағдод мадрасасига ўқишга юборилади. У бу ерда ҳам қунт билан диний ва дунёвий билимларни чуқур ўзлаштиради. Мадраса илмий кенгаши раёсати уни мадраса мударриси этиб тайинлайди. Ёш Муҳаммад Сиддиқ узоқ йиллар турли миллатга мансуб талабаларга сабоқ бериб, уларга устозлик қилди. Ироқда яшаган даврида Қуръон сураларини қироат билан ўқиб, таъсирчан иборалар орқали руҳий беморларга шифо улашади. 55 ёшга етгач, мадраса раҳбариятидан изн олиб, туғилган юртига қайтади.

Муҳаммад Сиддиқнинг юртига қайтиши муқаддас Рамазон ойига тўғри келади. Уни катта ҳурмат-эҳтиром билан қарши олишади. Хонақо маҳалласи аҳли таровеҳ намозини ўқишда имомликка ўтишини сўраб, унга мурожаат қилишади. Аллома зот маҳалла аҳлининг сўровини эътиборсиз қолдирмайди. Улуғ инсон билан ҳамнафас намоз ўқиш учун олис қишлоқлардан одамлар Хонақо маҳалласидаги масжидга қадам ранжида қилишади.

Рамазон ойи тугагач, маҳалла кишиларининг илтимосига биноан Муҳаммад Сиддиқ шу ерда қолади ва ёшларга исломдан таълим бера бошлайди.

Одамлар ўртасидаги гап-сўзларга қараганда, Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота каромат соҳиби бўлган. Нафақат ён-атроф, балки олис шаҳар, қишлоқлардан ҳам унинг ҳузурига руҳий хасталарни даволатиш учун олиб келишган. Айтишларича, бундай беморларни қўл-оёқларини боғлиқ ҳолда келтиришган. Бироқ Эшон ота беморга юзланиб, ўнг қўлини юқорига ва пастга қаратиб ҳаракат қилганида, беморнинг қўл-оёқларига боғланган тугунлар ўз-ўзидан ечилиб кетган экан.

Ҳамма жойда, ҳамма замонларда бўлгани каби улуғ зотнинг билимдонлиги, юксак мавқеи, ҳурмат-эътиборини кўролмайдиганлар топилган. Ана шундай кимсалар кунларнинг бирида Муҳаммад Сиддиқ ҳазратларига истеъмол қилиб бўлмайдиган маҳсулотлардан овқат тайёрлаб, ҳузурига олиб келишади. Аллома таомга бир назар солгач, ҳаммасини сезади ва дейди: “ўзларинг “суюб” истеъмол қиладиган таомдан менга ҳам олиб келибсизларда”. Нопок одамлар ўша заҳотиёқ унинг оёқлари остига йиқилишиб, тавба-тазарру қилишади ва кейинчалик талаба-шогирдларига айланишади.

Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота 1760 йилда вафот этади ва васиятига мувофиқ, Хонақо маҳалласи қабристонининг шарқий томонига дафн этилади. Кейинчалик бу жой зиёратгоҳга айланди. Фарзанд талаблар бу ерни тавоф айлаб, муродларига етишган ва ҳозиргача бу истак илинжида келувчилар бор. Ота мақбараси теварагидаги тупроқ турли тери-таносил хасталикларига шифо эканлиги авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.

Эшон ота ҳаёти давомида фарзанд тарбияси, одоб-аҳлоқ мавзуида бир неча илмий рисолалар ёзгани ҳақида маълумотлар бор. Қатағон даври истибдоди ва бошқа сабабларга кўра, унинг асарлари изсиз йўқолган ва ҳозиргача топилмаган. 1937 йилнинг баҳорида шўро атеистлари маҳаллага келишиб, уйма уй юришиб, араб алифбосида ёзилган китобларни йиғиштириб олишади. Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота зиёратгоҳи яқинидаги майдонда уларни намойишкорона ёқиб ташлашади. Маҳалладаги саводли кишилар бундан хавотир олиб, қўлларида қолган китобларни тунда Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота мақбарасининг меҳробига беркитишади ва қатағон даври тугагач, 1953 йилнинг ўрталарида уларни олиб кетишади. Эҳтимол ўша китоблар орасида Эшон отанинг ҳам бебаҳо асарлари бўлгандир? Айни кунларда фаоллар бу борада суриштирув-қидирув ишларини олиб боришмоқда.

- Маҳалламизда Муҳаммад Сиддиқ Эшон отадек табаррук зотнинг яшаб ўтганидан фахрланамиз, - дейди бизга ҳамроҳлик қилган Нажмиддин ака Ёқубов. – Унинг мақбараси атрофини ободонлаштириб, боғу роғга айлантирсак, улуғ ҳамюртимизнинг руҳини шод айлаган, келгувчиларга эҳтиром кўрсатган бўламиз. Бундай инсонлар тоабад барҳаётдир. Улар қўним топган манзилгоҳлардан тинчлик, хотиржамлик, қут-барака асло аримайди.

Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар, қадамжоларни қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига эътибор кучайтирилди. Маҳалла аҳли, саховатпеша инсонлар кўмагида Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота зиёратгоҳида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Бу борада Ғ. Ҳайдаров, О.Мирзараҳимов, Р.Ёқубов, Р.Ҳусаинов, А.Аҳмедов каби фаоллар кўпчиликка бош-қош бўлишди. Яқин келажакда бу ерни барча шарт-шароитларга эга қадамжога айлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шу билан биргаликда зиёратгоҳнинг узвий қисми бўлмиш 4 гектар майдондан иборат дафн этиш жойида амалга оширилган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари, бу ерда жорий этилган тартиб эътиборга лойиқ. Ҳиммати баланд ҳамюртларимизнинг ҳайрли ишларига ривож тилаб қоламиз.

Ҳалимжон Тоҳиров

Auz.uz. мухбири.

Рустамжон Эшонов

олган суратлар