Андижон 24

МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ҚИЛИНДИ


06.07.2019   1104

ШАҲРИХОН (auz.uz). – Туманнинг Назармаҳрам қишлоғи ҳудудида жойлашган 2-сектор штабида аҳолининг мурожаатларини ўрганиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда auz.uz мухбири Рустамжон Эшонов хабар бермоқда.

Фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида ташкил этилган сайёр қабулда сектор раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.


Келган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш, паспорт олиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, электр ва газ таъминоти, банк-молия каби масалаларга оид экани аниқланди.

Сайёр қабулда фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди. Фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга бевосита мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди.

Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.