ЖАМИЯТ

Муаммога не ҳожат? НИЯТИНГИЗ ХАЙРЛИ, БИРОҚ УНГА ЭГРИ ЙЎЛ БИЛАН ЭРИШМОҚЧИМИСИЗ?


20.06.2019   2169

Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги 38-уйда яшовчи Ойбек Юсупов тадбиркорлик билан шуғулланишни дилига тугди. Тенг-тўши, каттаю кичик ярақлаб турадиган пойабзал кийса, хўп ярашади, тўғрими? У эркаклар миллий пойабзаллари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланишга қарор қилди. Усталар билан фикрлашди, бошқаларнинг ишларини кўрди, хуллас, ўзи ҳам астойдил киришиб кетди. Аммо ... белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмади. Шаҳарнинг Саккокий кўчасидаги 18-уйда яшовчи Моҳирахон Раззақова аёллар либосларини тикишга ихлос қўйиб ишни бошлаб юборганида ҳам шундай бўлди. У рўйхатдан ўтмасдан даромад топа бошлади.

Қинғир ишнинг қийиғи очилишини қирқ йил кутиш шарт эмас. Аслида, белгиланган тартиб-қоидага риоя қиладиган киши учун ҳеч қандай ҳавотирга ўрин йўқ. Фаолиятга эгрилик аралашмаганидан сўнг жавобгарликдан қўрқишга не ҳожат? Бизнесда ҳам ҳудди шундай қоида бор. Мақсад ҳалол ишлаб фойда олиш бўлар экан, мавжуд таомилларга амал қилиш керак – тамом-вассалом.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш вазифаси қўйилган Департаментимиз ходимларитадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, солиқ сиёсати, фаолиятни қонуний ва эркин ташкил этиш, турли тўсиқ ва ғовларни бартараф қилиш йўлида тушунтириш ишларини кучайтиришга ҳам асосий эътиборни қаратмоқдалар. Йилнинг ўтган даври мобайнида 98 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилиб, шунча ишчи ўрни яратилди. Бундан бюджетга қўшимча 52 миллион сўм солиқ ва тўловлар келиб тушди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришда улуш кўпайишига ҳисса қўшилди.

Бироқ яратилаётган имкониятлар, имтиёз ва қулайликларга қарамай, давлат рўйхатидан ўтмасдан “иш ташкил” этаётганлар ҳам йўқ эмас. Аслида бу “яширин иқтисодиёт”нинг ўзига хос кўринишидир. Меҳнат қиламан, деган ишбилармоннинг ниятларига ҳар томонлама хайрихоҳлик кучайган бир пайтда эгри йўл ҳамиша панд беришини унутмайлик.

Ўктамжон ТЎЙМУРОДОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон шаҳри бўлими бошлиғи.