Андижон 24

Муаммо ва ечим: Муҳаммад Юсуф олдидаги қарзимизни қачон узамиз?


21.02.2018   4747

Мана 17 йилдирки 26 апрель санасида Қовунчи қишлоғи мамлакатимиз ҳудудларидан, хатто қўшни республика вилоятларидан дарёдай оқиб келган меҳмонларга тўлиб тошади. Уларни Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига ҳурмат бажо келтириш эзгу нияти олислардан етаклаб келади бизнинг Марҳаматга.

Шунда миллионлаб мухлислар қалбининг туб-тубидан жой олган самимий ижодкор айнан Андижон фарзанди бўлганидан чексиз ифтихор туясан киши.

Вилоят марказида Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб-интернат ташкил этилгани, қабристонда мақбара ўрнатилгани таҳсинга лойиқ. Аммо...

Шоир хонадонидаги уй-музей хали-ҳануз битказилмаганидан уялиб кетасан. Орадан эса нақд 17 йил ўтибди. Вахоланки, шоирнинг сўнги нафаси узилган Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида кошонанамо ёдгорлик ташкил қилинганига анча бўлди. “Эссиз, Муҳаммаджондек истеъдод эгаси бизнинг вилоятда туғилгандами”, дегувчиларни эшитганингда ер ёрилмайди холос.

Биз кимнидир танқид қилишдан йироқмиз. Мақоладан муддао масаланинг ечимини излашдир. Келинг, бир ўйлаб кўрайлик. Гап маблағда ҳам эмас. Юз йилда бир дунёга келадиган халқона шоир хонадонида уй-музей ташкил қилиш ҳам миннатдор муҳлис ва ижодкорлар томонидан амалга оширилса, улуғ иш бўлар эди.

Айтайлик, апрель ойида Андижонда ҳайрия концерти ташкил қилиш керак. Муҳаммад Юсуф шеърлари ила ном қозонган қайси санъаткор бунга ҳисса қўшмайди, дейсиз? Тушган маблағ эвазига мустақиллик кунига қадар қурилиш ишлари якунланса, ажойиб ташаббус бўларди.

Бу бизга нима беради? Соф маънавий қониқишдан ташқари Қорақўрғонда адабий-бадиий йўналишдаги ички туризм объекти яратилади. Хозир олис Бухорою Самарқанддан келган ихлосмандлар нари борса шоир қабрини зиёрат қилиб қайтмоқдалар.

Аслида бу ерда “Қовунчи” сувенирлар дўкони, “Сурат” фотосалони, “Тол бешик” ёғоч ўймакорлиги устахонаси, “Улуғимсан, Ватаним” китоб магазини, “Дўппи” ва “Оқ рўмол қизлар” либослар салони, “Қизғалдоқ” фитобари, “Кўкламойим” тансиқ таомлар ошхонаси, “Қора қумғон” чойхонаси кабиларни ташкил қилиш мумкин. Фахмлаганингиздек, уларни Муҳаммад Юсуф шеърлари билан атадик.

Ҳизирариқ эса алоҳида мавзу. “Ҳизирариқ ривояти”, деб номланувчи буклет тайёрланса. Ёки Муҳаммад ака тараннум этган ғўзал табиатимиз ҳақида фильм (балки клип) ишланиб, диск чиқарилса. Диск муаллиф ўзи ўқиб берган шеърлар билан бойитилса. 10-20 минг ихлосманд Шоир юртига қилган зиёратидан бир олам таассуротлару, эсдалик совғалари билан қайтади.

Дарвоқе, китоб магазинига ташриф буюрувчи меҳмонлардан Муҳаммад Юсуф ҳақидаги эсдаликларини (бир сатрдан) битиб кетиш илтимос қилинса, ажойиб хотира китоби яратилади. Миннатдор ўқувчиларнинг Муҳаммад Юсуф юбилейига атаган ажойиб совғаси бўлар эди бу.

Сиз нима дейсиз, азизлар?

Таклиф ва мулоҳазаларни andijonnoma@mail.ru ҳамда телеграмдаги +998937820257 манзилларда кутиб қоламиз.

«Андижоннома» газетаси таҳриририяти.

«Аuz.uz» online гуруҳи.