Бугуннинг гапи

МОЗИЙГА ЕТАКЛАГАН САҲНА


09.05.2019   3481

1941 йилнинг машъум 22 июнь санаси. Катта маҳорат билан акс эттирилган тарихий воқелик театрлаштирилган саҳналарда гавдалантирилди. Вилоят маданият бошқармаси санъаткорлари ижросидаги ишонарли образлар муҳлисларни ўтмишга қайтарди. Унда бевосита жангларда иштирок этган ўзбекистонликларнинг жасорати, эвакуация қилинган оилаларни, етим-есир болаларни бағрига олган миллатдошларимизнинг бағрикенглиги, ватандошларимизнинг фронт учун ажратган моддий ёрдамлари тилга олинди.

Саҳна намойиши қон кечган аксарият нуронийларда ҳам қалб дафтарига битилган лавҳаларни эсга туширди. 1924 йилда Шаҳрихон туманида туғилган Ғанижон Жўраев кўпчилик дўстлари қаторида 1942 йилнинг январь ойида фронтга отланди. Хизматни разведкачилар ротасида бошлаб, Берлингача бўлган йўлни пиёда босиб ўтди.

- Бизнинг ротага душманнинг кейинги позиясини аниқлаш вазифаси топширилди, - дейди отахон. – Тун яримдан оққанда беш нафар қуролдошим билан топшириқни бажаришга киришдик. Ўрмон, тоғу-тошни кезиб, узоқ йўл босдик. Бир вақт сув заҳирамиз тугаб қолибди. Мени сув олиб келишга юборишди. Қайтганимда шерикларим бўлган жойда снаряд зарбидан чуқурлик қолган эди. 4 азамат йигитни шу ерга дафн этиб, берилган топшириқни бир ўзим бажариб қайтдим. Уруш майдонида бу каби воқаелар жуда кўп бўлган. Худо умр берган экан, 5 марта жароҳат олган бўлсамда урушдан уйга омон қайтдим.

Александр Василевский 1941 йилнинг августидан 1944 йилнинг баҳорига қадар Украинанинг Винница шаҳридаги фашистларнинг “Ўлик сиртмоқ” концентрацион лагерида тутқунликда бўлган. Онаси билан бирга асир сифатида лагерга ташланганида у 2,5 ёшда эди.

-Президентимиз ғамхўрликлари умримизга умр қўшмоқда, - дейди Александр Израилевич. – Тарихий ҳақиқат қарор топиб, бизнинг авлод вакилларига чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилаётганидан жуда мамнунман.

«auz.uz» online гуруҳи.