Ўзбекистон

МОҚ президенти Андижон олимпия захиралари коллежининг фаолиятидан қониқмади


05.02.2018   156

Андижон вилоятига ташрифи давомида МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов нафақат футбол, балки спортнинг қолган турларидаги аҳвол билан ҳам яқиндан танишган. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ташкилот матбуот хизматининг қайд этишича, У. Аҳмаджоновни Андижон олимпия захиралари коллежидаги қабул квоталари ажаблантириб қўйган. 29 та спорт тури бўйича 200 нафар тарбияланувчини қабул қиладиган коллеж, тақсимот борасида мантиқсиз фаолият олиб бориши кўрсатилган.

Ҳар йили спорт мактабига 100 нафар, коллежга 100 нафар ўқувчи қабул қилинаркан. Ушбу 200 кишилик квота 29 ҳил спорт йўналишига тақсимланган. Ажабланарлиси, волейбол учун қабул қилиш квотаси уч нафарни ташкил қилади. Уч нафар ўқувчи билан волейболни қандай қилиб ривожлантириш мумкин?!

Нима учун жамоавий спорт турларида оқсаймиз, деб дод соламиз. Муносабат шу тарзда бўлса, қандай қилиб уни ривожлантирамиз? Ҳеч бир жамоавий спорт турида тўлиқ жамоа шаклидаги квота йўқ. Баскетболда бир гуруҳда уч нафар, гандболда уч нафар, футболда олти ёки етти нафар ўқувчи бор. Битта футбол жамоасида нечи киши ўйнайди?!

Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти

Аҳмаджоновнинг топшириғига кўра, Андижон олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни қабул қилиш механизми қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Бу каби коллежлар эндиликда МОҚ эътиборида бўлиши таъкидланган. Коллежга киргач, ўз устида ишламай қўйган ва ўсишдан тушунарсиз тўхтаб қолган ўқувчиларни ушлаб туриш шарт эмас. Уларнинг ўрнида вилоятнинг иқтидорли спортчилари таҳсил олиши шарт, дейилади МОҚ хабарида.