Андижон 24

МИНГ ОЙЛИК АХБОР ИМОМХЎЖАЕВНИНГ ҚУВОНЧИГА ЭКТОР КУПЕР ҲАМ ҲАМНАФАС БЎЛДИ


10.06.2019   873

Таниқли спорт шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати, республика тоифасидаги ҳакам Ахбор Имомхўжаев ўзининг минг ойлик юбилейини нишонлади, -деб хабар қилди ЎзА.

Чилонзордаги “Афруз” тўйхонасида ўтказилган тадбирда миллий футболимизнинг таниқли жонкуярини қутлаш учун республикамизнинг турли ҳудудларидан, ҳатто хориждан ҳам ташриф буюрувчилар кўпчиликни ташкил этди. Улар орасида шоир ва ёзувчилар, журналистлар, санъат ва маданият арбоблари, таниқли актёр ва артистлар, ҳукуматнинг мартабали вакиллари ҳам бор эди.

Йиғилганлар икки ўғил ва икки қизнинг падари бузруквори, ўндан ортиқ набиралар ва набиралардан-да зиёд чевараларнинг меҳрибон бобосига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилашди. Ўз ўрнида Ахбор ота ҳам барчага ўзининг ёшидек ва ундан-да ортиқ ҳаёт кечиришларини, элим деб, юртим деб ёниб яшашларини, ҳаётда тўғри сўз, ҳалол инсон бўлишларини тилаб, дуо қилди.