Бугуннинг гапи

«МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ» ФАОЛЛАРИ ТАЪЛИМ ТИЗИМИГА «БОШЛАНҒИЧ ИСЛОМ НАЗАРИЯСИ»НИ ОЛИБ КИРИШ ТАКЛИФИНИ ИЛГАРИ СУРАЁТГАНЛИГИНИ ҚАЙД ЭТДИ


11.10.2019   181

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз сайлов олди дастурида таълим тизимига «Бошланғич ислом назарияси»ни олиб кириш таклифини илгари сурмоқчи. Бу ҳақда партия Андижон вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омонов Андижон шаҳрида журналист ва блогерлар учун сайловолди матбуот анжуманида маълум қилди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «auz.uz» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Матбуот анжуманида партиянинг сайловолди дастурлар аввалари фақат Марказий Кенгаш томонидан тузилган ва шунга асосан иш олиб борилганлиги, бу йилги сайловларга тайёргарлик жараёнида партия сайловолди дастури лойиҳаси “Миллий тикланиш” фаоллари ва ҳайрихоҳларининг таклифлари асосида тайёрланганлиги қайд этилди.

“Дастурда нималар кўзда тутилаётганлиги ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсам, биз иқтисодий ислоҳотларни амалга оширамиз деб, жамиятнинг ривожланишида энг муҳим бўғин бўлган тарбия, маданият масаласини ёддан чиқариб, энг охирги ўринга қўйдик. Биз фарзандларимизни тарбияламадик, уларни кўча ва интернет тарбиялади. Натижа нима бўлди? Жамият маънавий инқирозга юз тутмоқда. Энди дод-фарёд қилиш бефойда. Лекин ҳали ҳам кеч қолганимиз йўқ.

Партиямиз томондан таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Мақсадимиз “Оила-боғча-мактаб” тамойили асосида узлуксиз таълим тизимини тузиш. Мана шу учта нуқтани ичида бола тарбия олиши керак. Шунингдек, дастуримизда “Бошланғич ислом назарияси”ни олиб кирмоқчимиз. Бу дегани Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимизнинг меросини ёшлар онгига сингдириш. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломни туб моҳиятини тушинган инсон ёмонлик қилаолмайди. Чунки у ҳаром ва ҳалол, гуноҳ ва савоб нималигини билади. Шуларни болага болалигидан ўргатишимиз керак эди, аслида. Унинг қалбига тошдек қотадиган бир даврда эътиборсизлик қилаяпмизки, зарарини ўзимиз кўраяпмиз.

Агарда мақсадимиз амалга ошадиган бўлса, жамиятда илдиз ўтиб, ривожланишимиз учун тўғаноқ бўлаётган коррупция ва шунга ўхшаш турли салбий оқибатларга олиб келувчи ҳолатлар юз бермайди. Катталарга ҳурмат кичикларга иззат, кийиниш маданияти каби азалий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш “Миллий тикланиш”нинг бош ғояси ҳисобланади.”, - деди Ҳамиджон Омонов.

Анжуман давомида журналистлар ва блогерлар ўзларининг таклиф ва ташаббуслари билан ўртоқлашдилар.