Бугуннинг гапи

МИЛЛИОНЛАР ЎЙИНИ: ЯНГИ СТАДИОНДАГИ ДАСТЛАБКИ ҒАЛАБА (+фото)


18.04.2019   20046

Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” ўйингоҳида Ўзбекистон суперлигаси 5-туридан жой олган “Андижон” ва “Насаф” (Қарши) жамоаларининг учрашуви бўлиб ўтди. Узоқ кутилган футбол байрами ҳақиқий тантанага айланди.

Мезбонларнинг ўз уйида ўтказган мавсумдаги илк учрашувига қарийб 17 минг томошабин тўпланди. Стадион реконструкциядан сўнг ўзгача қиёфа касб этди. Айтиш жоизки, 2003 йилда бунёд этилган мазкур иншоот 16 йилдан буён деярли янгиланмаган эди. Суперлига талабларидан келиб чиқиб, футбол майдони чими алмаштирилди. Стадион сиғими 20 мингтага етказилади. Ўриндиқлар, табло ва прожекторлар, VIP-ҳудуд янгиланди. Футбол майдони бўйлаб электрон шаклдаги реклама жиҳозлари қўйилди. Ўриндиқлар узра тортилган мовий рангдаги пластик қопламалар лексан материалига алмаштирилди. Жами 17 миллиард сўмлик иш бажарилди.

Мавсум очилишига бағишланган тантанада вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов юқоридагиларни таъкидлаб, мамлакатимиз Президентининнг бешта ташаббуси қаторида ёшларни спортга жалб қилиш, хусусан футболни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов вилоят ҳокимига спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва фидойилиги учун махсус совға тақдим этди.

Ўзбекистон мадҳияси янгради. Учрашувга ФИФА рефериси Равшан Эрматов ҳакамлик қилди. Бахс мезбонларнинг шиддатли ҳужуми остида бошланиб, илк дақиқадаёқ гол билан якунланди. Уни Шахзодбек Убайдуллаев киритиди. Тайм ўрталарига келиб меҳмонлар Виталий Мирний дарбозасига жавоб тўпини йўлладилар. Шундай бўлсада, танаффусга қадар “Андижон” ҳисобда олдинга чиқиб олди. 39-дақиқада Рўзимбой Аҳмедов муҳлисларни хурсанд қилди.

Танаффусдан сўнг “Насаф” ҳужумга зўр берди. Аммо омад яна мезбонлар томонида бўлди. 56-дақиқада Рўзимбой Аҳмедов пенальтидан унумли фойданди – 3-1. Мазкур натижа бахс ниҳоясига қадар ўзгармади ва “Андижон” ғалаба қозонди.

Гарчи ўйин бобида меҳмонлар устунлик қилган бўлсаларда, стандарт ва хавфли вазиятлардан вакилларимиз унумли фойдалана билишди.

Учрашув ниҳоясида вилоят ҳокими энг яхши футболчига аталган совға – “Жентра” автомобилини«Андижон» ярим ҳимочиси Фарход Бекмуродовга топширди, қолган вакилларимизга 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилди.

Қизиқарли футбол беллашуви аввали, танафусси ва якунида республикамизнинг таниқли эстрада хонандалари Жаҳонгир Позилжонов, Райхон, Муниса Ризаева, Жасур Умиров ўз чиқишлари билан томошабинларга байрам кайфиятини улашдилар.

«auz.uz» online гуруҳи.