Андижон 24

МИҚДОР КЎП, ХАРАЖАТ ОЗ


17.06.2020   639

Мамлакатимизда аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан мазкур тизимнинг моддий-техник базаси янгиланиб, модернизация қилинмоқда. Бугунги кунга келиб соҳани ислоҳ этиш учун, катта амалий қадамлар ташланди. Республикамиздаги мавжуд 3,6 млн истеъмолчиларга 4,5 млндан ортиқ маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Истеъмолчиларнинг суюлтирилган газга бўлган талаби ортиши сабабли, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз олдига суюлтирилган газни автотранспорт воситалари орқали ташишдан вагон-цистерналарда ҳам ташишга босқичма-босқич ўтказишни мақсад қилиб қўйган. Шу сабабли, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 42 тоннагача углеводород газини ташишга мўлжалланган 15-9872 моделидаги вагонларнинг янги модификацияларини ишлаб чиқариш бўйича Андижон механика заводидан қабул қилиб олинди.

Вагон-цистерналар маҳаллий корхонада - Андижон механика заводининг Пахтабод филиалида ишлаб чиқарилаётган мазкур цистерналарда суюлтирилган газни ташишнинг ўзига хос афзалликлар бор, бу вагонлардан иборат битта таркибда қисқа вақт ичида 2000 тоннагача бўлган суюлтирилган газни ташиш имконияти мавжуд ҳамда ташиш ҳажмини 40 фоизгача ошириш мумкин.

Шунингдек, бу вагон цистерналардан фойдаланиш, автотранспортларда суюлтирилган газ ташишга нисбатан харажатларни 40 фоизгача тежаш имконини берибгина қолмай, узоқ ҳудудларда жойлашган аҳоли ҳудудларидаги истеъмолчилар эҳтиёжларини ўз вақтида ва тўла ҳажмда қондирилишига олиб келади.

Ҳозирда водий вилоятларига олиб келувчи вагон-цистерналарнинг сиғими 60 м³ бўлса, янги модификациядаги вагонларники эса 83 м³. Бу дегани, битта 60 м³ лик вагондаги суюлтирилган газ 1500 дона маиший газ баллонга етса, янги турдаги цистерналарда келувчи газ миқдори 1800 та баллонга жо бўлади. Мана шу илк 5 та вагон-цистернада олиб келинган суюлтирилган газ аввалгидай 7.5 минг хонадонга эмас, балки 9 минг хонадондаги истеъмолчиларга бир вақтни ўзида етказиб бериш имкониятини яратмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати