ЖАМИЯТ

МЕНИНГ ОТАМ ЁХУД СОБИҚ ЖАНГЧИНИНГ ТАҚДИРИ


08.04.2020   3285

МЕНИНГ ОТАМ

ЁХУД СОБИҚ ЖАНГЧИНИНГ ТАҚДИРИ

Мен ҳаётим давомида кўп хато-камчиликларга, эътиборсизликларга йўл қўйганман, шу бораларда ҳали-ҳамон надоматлар чекаман. Шулардан бири – отамнинг2-чи жаҳон урушидаги иштироки масаласида.

Раҳматли падари бузрукворим Кенжабой Умрзоқ ўғли абжир, дангал, мағрур инсон бўлган. Ўзига ишонч билан гапирар, сўзини бировга бериб қўймас эди. Шунга қарамай, соддадил, камсуқум бўлган. Энг муҳими имони бут эди, ноҳақликка, ножоиз ишга қарши фикр айтмай туролмасди. Лекин...

Ўрта мактабни битириб Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) да ўқий бошлаганимда отам ўзимиз яшайдиган Гуркуров қишлоғидаги (Избоскан тумани) “Юқори ҳосил” (номи бир неча бор ўзгарган) колхози (жамоа хўжалиги) да қора экин бригадири эди. Менга ҳар замонда 25-30 сўм жўнатар, бу пул 35 сўм миқдоридаги стипендиянинг камини тўлдириб турарди. 1969 йили ўқишни тугатиб, пойтахтда, “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасига ишга жойлашиб қолдим. Уйландим.

1979 йили отамнинг қистови билан Андижонга қайтдик.

1981 йили (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида ишлар эдим) отам билан суҳбатлашиб ўтириб, нафақасини сўраб қолдим. Аниқ ёдимда: йигирма етти сўм деган эди. Менга жуда оз туюлди. Ўша пайтларда ўртача ойлик маош тахминан 100-120 сўмлар атрофида эди. Ахир отам 2-чи жаҳон урушидан кейин колхозда турли вазифаларда муттасил ишлаб келган эди: аввал пахтачилик бригадаси бошлиғи, 14 йил чорвачилик (у маҳалларда бу соҳа асосий, йирик тармоқлардан бўлиб, фермаларда қўй, қорамолдан ташқари йилқи ҳам бор эди) фермаси мудири, сўнг қора экин бригадири...

Отамга фикримни айтдим.

– Э, шуниям олгим йўқ ўзи, – қўл силтади отам, – давлатнинг садақаси...

Меннафақа садақа эмаслиги, балки ойлик маошлардан чегириб қолинган ҳақ эканлигини тушунтирмоқчи эдим, отам қулоқ солмади.

Бошқа бир ҳолдан қаттиқроқ ранжидим. Қишлоқ совети (кейинги пайтларда Қишлоқ фуқаролар йиғини номи билан юритилаётган эди, ҳозир бутунлай тугатилган) бино фойесининг деворларига осилган 2-жаҳон уруши қатнашчиларининг йирик ҳажмдаги суратлари қаторида отамнинг ҳам расми бўлар эди, мен бундан ғурурланиб юрардим. Ўша йили 9-май – Германия армияси устидан қозонилган Ғалаба куни муносабати билан туманда бўладиган хотира тадбирига таклиф этилган уруш қатнашчилари орасида

1

отам йўқ эди. Шу ҳақда шама қилган эдим, отам: “Ҳаммани чақирмагандир-да”, деб гапимни кесди. Жавобдан кўнглим тўлмай, суриштира бошладим. Маълумбўлдики, отамнинг ҳарбий билети йўқолган экан.

– Қачон, нима бўлиб йўқолган? – сўрадим таажжубим ошиб.

– Уйнинг тўсини орасида ҳар хил ҳужжатлар билан, керакли қоғозлар солинган тугунчада турарди. Уйга тушган ўғри пул деб ўйлаганми, олиб чиқиб кетган.

Ўғри воқеасиданхабарим йўқ экан. Балки, билсам ҳам бепарволигим ёки ёшлигим туфайли аҳамият бермагандирман ё эсдан чиқариб юборгандирман.

Миямда “ахир тикласа бўлади-ку...” деган фикр чарх урди. Умуман, бу масала билан, отамнинг номаи аъмоли билан аввалроқ қизиқмаганимни ўйлаб, хижолат чекдим. Лекин ҳали ҳам кеч эмас-ку, эртага эрталабдан шу ишга киришганим бўлсин, деб ният қилдим.

Отамни туман ҳарбий комиссариатига боришга аранг кўндирдим...

***

Отамнинг айтишича, у 1943 йил февраль ойида ҳарбий хизматга чақирилган. Ўш йўлидаги Заврақ қишлоғида, 8-ўқчи полки жойлашган махсус полигонда 1 март куни ҳарбий қасамёд қабул қилган, кейин сал кам тўрт ой ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, эшелонда бошқалар қатори фронтга – РоссиянингСталинград (ҳозирги Волгоград) шаҳрига олиб кетилган.

Душман аскарлари шаҳардан бир мунча орқага суриб ташланган, уруш оловисал пастлаган палла эди.

– Биздан аввал Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан эшелон-эшелон қуролсиз эркакларни олиб бориб, Сталинградга тўкиб ташлашган, уларнинг кўпчилиги ана шушаҳар учунбўлган жангларда қирилиб кетган экан, – деган эди отам уруш мавзуидаги суҳбатларимиздан бирида.

Ўша қирғин-баротларда Аллоҳнинг инояти билан омон қолиб юртга қайтганлар(улар жуда камчилик эди) душман ҳамласини даф этиш мақсадида турли ёшдаги, асосан қуролсиз, жанговар тайёргарликни ўтаб-ўтамаган аскарлардан тузилган ўзбек дивизиясининг Сталинград фронтига ташланишини сув тошқинига қарши тўғонга қум тўлдирилган қопларни босишга қиёслаб гапириб юришгани қулоғимга чалинган.

Отам фронтга жўнаганда онам Салтанатхон Эшонжон махсум қизи икки норасида – акам – беш ёшли Тошпўлат ва опам – чақалоқ Собирахон билан қолган. Отам, ўн тўрт ёшида ота-оналари ўтиб кетиб, акалари (улар тўрт оғайни эдилар) қўлида қолган, улар кўмагида уйланиб, азбаройи абжирлиги, меҳнаткашлиги, уддабуронлигидан тез орада алоҳида ажралиб, янги чекка

2

кўчиб чиқишган эди. У оғир кунларда ҳамма ўз ташвиш-ғамлари билан андармон бўлишган. Онамни отаси –опоқдадамиз ўз қарамоғига олиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб турган.

Отам ва унинг сафдошлари Сталинградда бир ойча бўлишиб, шаҳарни фашистларнинг қолдиқларидан тозалаш билан шуғулланишган. Кейин уларни уруш олови ичида ёнаётган Украинанинг Харьков шаҳрига олиб кетишади. Республикадаги йирик, таниқли шаҳарлардан бири Харьков 1934 йилгача мамлакат пойтахти ҳам бўлиб турган, бинобарин, унинг Украина иқтисодий-ижтимоий ҳаётида тутган ўрни, мавқеи ҳам шунга яраша эди. Тиш-тирноғи билан қуролланган ёғийнинг зобит ва аскарлари, гарчи қочаётган бўлса-да, осонликча жон беришни истамай, бор имконларини ишга солишга уринишар, жумладан, Харьковга ҳам маҳкам ёпишиб, уни вайрон қилишмоқда эди. Умуман, шиддатли жанг майдонига айланган Украина 2-жаҳон уруши оқибатида жуда катта талофат кўрган: фашистбосқинчилари томонидан республиканинг 5 миллиондан ортиқ аҳолиси қириб ташланган, яна икки миллиондан зиёдиЕвропада ишлатиш учун зўрлик билан олиб кетилган.

1944 йил октябрда Украина Совет қўшинлари томонидан батамом озод этилади. Шубҳасизки, ана шу ғалабада, бошқалар қатори, таркибида отам ҳам бўлган ўзбек жангчиларининг ҳиссаси бор эди.

Отам Харьковда ҳамюрти – қўшни қишлоқ (Чувама) лик Араббой ака ва бошқалар билан Харьковда жангга киришган. Во, ажаб!...

– Жангга киряпмизу, – деб ҳикоя қиларди отам ўша таҳликали кунларни хотирлаб, – кўпчиликнинг қўлида қурол йўқ. Командир: шеригинг йиқилса, (яъни, ўқ тегиб қуласа, ўлса...) қуролини оласан, деган буйруқ берган. Қийқириқ, “Ура-ура!..” Чанг-тўзон ичида боряпмизу, кўзларимиз қуролли сафдошларимизда: “Қайси бири йиқиларкин?...” Қара-я, шунақасиям бўладими?!Командирнинг буйруғи миямизга шунчалик ўрнашиб қолганки, “шерикларимиздан олдин ўзим йиқилишим мумкин-ку” деган гап хаёлимизга келмайди. Куз, у ёқларда куз – қиш деган гап экан. Лекин совуқни сезмаймиз. Фикри-ёдимиз қўлимизга қачон қурол тегаркин деган ўй билан банд... Қуролсиз одам икки баробар қўрқади. Қуролли одам, ҳарқалай, ботир бўлади, анча-мунча ўқ тегмайдигандай, қурол асраб қоладигандай туюлади, душмандан олдин мен отаман деб ўзига ишонади.

Командир айтгандай, отам шерикларидан бирининг оддий, якка тиғ милтиғи билан фронт ичкарисига қараб юришда давом этади.

– Тўполон, шовқин-суронда ўқнинг душманга теккан-тегмаганиниям билиш қийин экан,– дер эди отам,– ҳамма отиб-отиб олдинга югураверади...

3

Отамнинг ён-верида гумбирлаган овозлар тинмас, ҳали у, ҳали бу ёнига

снаряд тушиб портлаганда чанг-тўзон ичида кимлардир жон таслим қилар, атрофни турли даражада яраланганларнинг дод-войлари, инқиллаган товушлар тутиб кетарди.

Снарядлардан яна бири портлаганда отам қулоғининг қаттиқ

шанғиллаганини эшитгану хушидан кетган. Уни қуролдош ҳамюрти Араббой

ака елкасида кўтариб, хавфсизроқ жойга олиб чиққан. Отам ўша халоскори ҳақида кўп гапирар, уни жуда қадрларди. Улар урушдан қайтишгач, бир-бирларидан хабар олиб туришарди. Араббой тоға, бизникига келганида отам билан

қаттол уруш ўчоқларида кўрган-кечирганларидан гапириб ўтиришарди. Мен андиша қилибми, суҳбатларига халал бермаслик учунми, уларга яқин боравермасдим. Чунки иккаласининг ҳам камсўзлигиданми, мавзунинг совуқлигиданми, гаплари қовушавермаётгандай, узилиб-узилиб қоларди. Ана шу бепарволигим учун ҳам энди аттанг қиламан. Уларни гапга солиб, анча-мунча нарсаларни билиб олишим мумкин эди-ку!..

Отам акам (Тошпўлат) иккимизга: мен ўтиб кетсам, Араббойдан хабар олиб туринглар, деб тайинларди. Лекин тақдир экан, Араббой тоға отамдан аввалроқ қазо қилди.

***

Отамни Харьковда госпиталга ётқизишган, аммо шаҳар ҳали бесаранжом эди. Ўн беш – йигирма кундан кейин бошқа ярадорлар билан бирга нисбатан хавфсизроқ бўлган Белгород шаҳрига жўнатишган, бироқ бу ерда ҳам узоқ тургизмай, поездда Брянскга юборишади. Отам шу шаҳарда икки ойдан зиёдроқ даволаниб, тузалгач, яна жанговар сафга қайтган, лекин жангларнинг бирида яна яраланади ва Саратов шаҳрига юборилади. Бу ерда отам аввал шаҳар марказидаги икки қаватли, тоифалаштирилган ҳарбий госпиталнинг иккинчи қаватида ётган. Кейин шаҳар четроғидаги ёнида кичикроқ бозорча бўлган бир қаватли мослаштирилган шифохонага ўтказишган.

Бинонинг ҳовли-қўрғони йўқ, хоналари тор, кароватлар бир-бирига

деярли ёпиштириб қўйилган – одам юриши қийин эди. Биров ўнтаган, биров инқиллаган... Ёз бошланиб қолгани учун кун иссиқ, яра, тер, ҳар хил дориларнинг ҳидлари аралаш-қуралаш бўлиб, нафасни қайтаради, ўқчитади, – дея тасвирларди отам ўшандаги ҳолат ва манзарани. – Ёнимизда икки қаватли яна битта шифохона бориди. Унинг иккинчи қаватига қўли, аксарият оёғидан ажралган ярадорлар жойлаштирилган бўлиб, кундузи уларни яшикка

4

ўхшаган аравачаларга ўтқазиб айвон (веранда) га опчиқиб қўйишар, бечоралар қатор тизилиб, тамакини буруқсатиб ўтиришарди.

Икки ойдан сўнг отам яна сортировочный – тоифалаштирилган, яъни нисбатан соғломлашган аскарлар батальонига чиқарилади. Бир ой чамаси ўтиб, чала битган жароҳатлари тағинбезовта қила бошлайди. Снаряд парчалари баданининг бир неча жойини ўпириб кетган, ўрниларида кичикроқ пиёладай чуқурлар ҳосил бўлган (уларнинг учтаси ўша бўйича отам билан бирга кетди), айниқса, қуймичдагисининг тузалиши қийин кечган экан. Қисқаси, отам яна госпиталга ётқизилади ва қуймичдаги яра жарроҳлик йўли

билан имкон қадар тозаланади.

– Доктор кам, бир госпиталдаги ярадорларни шоша-пиша кўрикдан ўтказиб, бошқа шифохонага кетишар, ярадорларга асосан ҳамширалар қарашарди, – деган эди отам.

Хуллас, отамни ҳарбий сафдан чиқариб, ўзимизнинг район (Избоскан) ҳарбий комиссариати ихтиёрига жўнатиб юборишади. Бу ерда ҳарбий-тиббий комиссия отамни 6 ойга иккинчи гуруҳ ногиронлигига чиқаради. Ярим йил ўтгач, комиссия қайта текширувдан ўтказиб, ногиронлик муддатини яна чўзишни лозим топади. Шу орада уруш тугаши эълон қилинадию отамга қизил ҳарбий билет бериб, бутунлай истеъфога чиқарадилар.

Шундай қилиб, отам яралар ва оғриқлардан бир йилдан ортиқ азоб чеккан ва шу боис, ҳарбий билетининг ўғирланганига ҳам, имтиёзлардан маҳрум бўлганию нафақасининг ҳамин қадарлигига ҳам ортиқча қайғурмаган эди...

***

Отам фронтдан ўн олти ойда қайтганида онам икки боланинг бирини кўтариб, иккинчисини етаклаб, бошида беланчак ашёлари билан далага чиқар, табиийки, оиланинг иқтисодий аҳволи ночор эди. Шунда отам, ҳозирги замон талаби билан айтганда, тадбиркорлик билан шуғулланишга киришган. Яъни Қўқонқишлоқ (ҳозирги Пахтаобод) бозоридан гуруч олиб Андижонга олиб бориб сотар, у ердан ўтин олиб, Пойтуғ (туманимиз маркази) га, у ердан ҳам нимадир олиб, Қўқонқишлоққа ўтар экан.Бир йилдан зиёд ана шу уч бозорни (масофа тахминан 70 чақирим) айланиб (аввал йўловчи улов-араваларда, қурби етгач, от-арава сотиб олиб) тирикчиликни юргизган, кейин колхозда ишлай бошлаган.

Мен отамнинг соддалигидан, неча бор ўлимдан қолган, жанггоҳларда қон кечиб юрган одамнинг бепарволиги – хизмат қилган ҳарбий қисми, дивизиясининг рақамларини, даволанган госпиталь – шифохоналарининг манзил-номлари ва бошқа белгиларини ёдида сақлаб қолмагани ёки бирон

5

жойга ёзиб қўймаганидан диққатланиб, эътирозимни ийманиб, қисинибгина айтдим.

– Э – э, қизиқ экансан, – қўл силтади отам, – аввало жангларга киришда ҳамма нарсадан умидни узиб, бир-биримизга васият қилиб кириб кетардик. Қолаверса, урушдан қайтсак, ҳукумат бизни қандай сийларкин, қанча нафақа бераркин деган фикр хаёлимизнинг бир чеккасигаям келганмас. Ёнингда снаряд гумбурлаб, шерикларинг кўз олдингда тупроққа қоришиб кетганинибир тасаввур қилиб кўргин, дивизия рақами эсингга келармикин?! Тирик қолганимизга шукр қилиб, ҳеч нарса билан ишимиз бўлмаган.

2012 йилнинг кузида Бобур номидаги халқаро илмий экспедициянинг

буюк Соҳибқирон Амир Темур ўтган манзил-маконлар бўйлаб қилган сафари чоғида Саратовнинг тарихий кўчаларидан ўтар эканмиз, кўзларим чор тарафдан отам даволанган ҳарбий шифохоналар ўрнини изларди. Волгограддаги вилоят ўлкашунослик музейида 2-жаҳон уруши даврига оид ашё ва экспонатларнитомоша қилиб, 1942 йили беомон жанглар бўлиб ўтган

машҳур“Мамаев қўрғони”ёдгорлик мажмуасини, миллионларни ватан ҳимоясига даъват этган ва ўта довруқ қозонган “Мать – Родина” (“Она – Ватан”) сурати акс этган улканпаннони, шунингдек, ўша машъум уруш туфайли90 фойиз қисми вайрон бўлган шаҳардаги бошқа характерли иншоот ва жойларни кўздан кечирган пайтларимизда эса, отамнинг бу шаҳарда кечган бир ойлик ҳавфу-хатарга тўла ҳаёти, машаққат ва изтиробларини ҳис этдим. Балки отам босган табаррук излардан юраётгандирмиз. Саратовнинг ҳам, Волгограднинг ҳам бугунги ривожи, мақоми, қиёфасида, одамларнинг осойишта ҳаёти, фаровон турмушида отамнинг ҳам қай даражададир хизмати бордир деган ички бир қониқиш менда ифтихор туйғуларини уйғотар, энтиктирарди. Айни вақтда кўнглимда мана шу юртларда ярадор бўлиб азоблар тортмаганида, падари бузрукворимизяна ҳам кўпроқ умр кўрармидийкин, деган армон ҳам йўқ эмас эди.

***

Отамга уруш қатнашчиси, II гуруҳногирони сифатида 90 сўм (1961 йилги пулга 9 сўм) нафақа тайинланган экан. Ҳужжатлар йўқолгач, отам қайта комиссияга бормагани туфайли нафақа ва бошқа имтиёзлар тўхтатилган, кейинроқ уруш қатнашчилари рўйхатига ҳам киритмай қўйилган. Отам парво қилмаган, ҳужжатларни қайта тиклаш, ҳарбий комиссариатга бориб суриштириш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмаган. Йигирма йиллардан кейин ёшга мувофиқ нафақага чиққанида фронтда бўлган даврлари, ҳужжатлар йўқлиги учун инобатга олинмаган, яъни иш стажи

6

етарли бўлмаган чоғи, жуда кам нафақа белгиланган. Ҳолбуки отам 1945 йилдан то нафақага чиққунга қадар, юқорида зикр этилганидай, колхозда масъул вазифаларда муттасил равишда меҳнат қилиб келган. Бу пайтда мен Тошкентда ўқир, акам ўз оиласи билан андармон эди. 27 сўм билан рўзғор тебратиш қийин, албатта. Қўшни Қирғизистоннинг “Сақолди” жамоа хўжалигида яшайдиган қариндошларимиз бор эди. Отам уларни қора тортиб, ўша ёққа чиқиб кетган ва ўн йилдан зиёд ҳар йили эрта баҳордан кузгача ўша хўжаликда ҳам сувчилик қилиб, ҳам ўзи учун алоҳида ер олиб, қовун-тарвуз экиб юрган...

***

Афсус, минг афсуски, туман ҳарбий комиссариатига ҳам,туман архивига ҳам, ҳайҳот, вилоят ҳарбий комиссариатига ҳам номаълум сабаблар билан

(электр симларидаги қисқа тўқнашувларга тўнкашади, лекин миш-мишларга кўра, атайин...) ўт кетиб, қўп нарсалар, шу жумладан, дело-ҳужжатлар ҳам ёниб битган экан. Ҳужжатларнинг маълум қисмигина тикланган, лекин улар орасидан отамнинг исми-фамилияси топилмади.

Отамнинг урушда қатнашганини тасдиқлаши мумкин бўлган Араббой тоға ўтиб кетган эди (унинг ҳужжатларини оила аъзоларидан суриштириб

кўриш ёдимга келмабди).

Хуллас, ҳарбий комиссариатлардан умидимиз пучга чиққач, менда отам кўпроқ даволанган Саратов шаҳар ижроия комитетига хат ёзиш фикри туғилди. Махсус ва мослаштирилган шифохоналарнинг тахминий жойлашган ҳудудлари ва отамнинг ҳикояларида зикр этилган белги-аломатлариникўрсатиб, ўша тиббий муассасаларнинг рақамлари, атамаларини аниқлаштириш масаласида кўмак сўраб, отамнинг номидан Халқ депутатлари Саратов шаҳар Совети раиси номига ариза-илтимоснома йўлладик.

Саратов шаҳар Совети маъмуриятининг мурожаатимизни беэътибор қолдирмаганидан мамнун бўлдик. Бироқ... ижроия комитети секретари (у пайтларда қабулхона котибалари шундай аталарди) В.А.Глазова имзоси билан аризамиз илова қилинган қуйидаги икки жумладан иборат номаАндижон вилоят ҳарбий комиссариатига юборилган эди:

“ Исполком городского Совета народныхдепутатовнаправляет письмо тов. Умрзакова Кенжабай об установленииномера госпиталя на излечении в котором он находился в г. Саратове.

Результатрассмотрения прошу сообшит заявителю ”.

7

Мантиқсизликни қарангки, Саратов шаҳридаги госпиталь рақамини аниқлаштириш масаласи билан Андижон вилоят ҳарбий комиссариати шуғулланиши керак эмиш!..

Хатнинг бир нусхаси бизга келган эди (У ҳамон менда сақланади). Анчагача кутдик, вилоят ҳарбий комиссариатидан жавоб келавермагач, ўзим бордим. У ердагилар елка қисишиб, яна ёнғин воқеасини рўкач қилишдан нарига ўтишмади...

Ҳа, у даврларда мамлакат ва республикаларнинг биринчи раҳбарлари ҳузурида портал, халқ қабулхоналари йўқ, аризаларга муносабат шундай эди...

Кейин бошқа билармонларнинг маслаҳати билан, “Ётиб қолгунча, отиб қол” деган мақолга амал қилиб, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳридаги ҳарбий-тиббий ҳужжатлар архиви(191180.., д. 180. Лазаретный пер.2. Архив военно-медицинских документов) га хат ёздик. У ердан эса, умуман жавоб қайтмади.

Яна бир уриниб кўрай-чи, деб, туман тиббий экспертиза комиссиясига учрадим. Мутасаддилар юқорида биз қўлга киритишга муяссар бўлолмаган

ҳужжат-маълумотлар зарурлигини айтишди.

– Отамнинг баданидаги снаряд ўпириб кетган жойларни кўриб, хулоса чиқаришнинг иложи йўқми? – деб сўрадим.

– Ахир, яра изларини делога тикиб бўлмайди-ку, – дея мантиқий жавоб беришди.

– Лоақал бир кўринглар, оворагарчиликнинг хожати бормикин ё йўқмикин...

– Майли, отангизни олиб келинг-чи, – дейишди муросага келишиб.

Лекин энди отам тўнини тескариб кийиб олганди.

– Э , қўйсанг-чи, ўғлим. Урушда қатнашганимни сен биласан, маҳалла-кўй билади, қолаверса, Худо билади – бўлди-да. Менга ҳеч қанақа имтиёзниям, совға-саломниям кераги йўқ. Бўлди, мен ҳеч қаёққа, ҳеч қанақа комиссияга бормайман. Ўзинг ҳам бошингни қотиришни бас қил, – отам шундай деб мавзуга узил-кесил нуқта қўйди. Уни кўндиришга уриниш фойдасиз эди.

Мен гарчи отамнинг фикрларига қўшилсам-да, барибир унга ачинардим. Урушда қатнашган, ярадор бўлиб, бир неча шаҳарда бир неча ойлаб даволанган бўлсаю ушбу қоғозлар замонида ҳужжатларни қайта тиклаш имкони бўлмаса?!

Менимча, собиқ Совет Иттифоқида тарихий2-жаҳон урушидан кейин тақдири отамникига ўхшаганлар кам эмас эди. Лекин падари бузрукворим

8

айтганидай, унинг уруш қатнашчиси эканини гуркуровлик кексалар (афсуски, улар жуда кам қолишди), мен ўзим биламан-ку! Ўша даврларда, то 1991 йилгача тили, миллати, дини, эътиқоди турлича бўлган кўплаб халқлар учун умумий Ватан бўлиб турган СССРни, шу жумладан Ўзбекистонимизни яна аллакимларга асиру бенаво бўлиб қолишидан сақлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшган, бу йўлда жонини тиккан, лекин ўзининг бахти, менинг бахтимга, ўғил-қизларим, невара-чевараларим бахтига, умуман, авлод-аждодларимиз бахтига, яраланган, узоқ вақт сарсон-саргардонликда даволанган эса-да, олтин боши омон қолган камтар, камсуқум, содда, аммо жасоратли, ғурурли қиблагоҳим билан фахрланиш учун шулар кифоя эмасми?..

***

Отамнинг собиқ Қишлоқ совети деворидаги суратини уйга олиб келиб қўйганман. У менга озодлигимизни, ҳурлигимизни, жаннатмонанд Ўзбекистонимиз, бугунги фаровон ҳаётимиз қанчалар қимматга тушгани ва буюк жасорат эгалари бўлмиш оталарнинг руҳи олдида ҳамиша қарздор ва бурчли эканимизни ва яна кўп нарсаларни эслатиб тургандай...

Марҳум оталаримиз, уруш қатнашчилари, барча фидойи, ватанпарвар ватандошларимизнинг жойлари жаннатда бўлсин. Барҳаётларига эсатаъзим ва шон-шарафлар!..

Қамчибек КЕНЖА

2019 й.8-10 май


Қамчибек Кенжа ҳақида

Қамчибек Кенжа 1946 йили15 августда Избоскан туманидаги Гуркиров қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини битиргач. «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») ҳафтаномасида, Избоскан тумани «Пахтакор» газетасида адабий ходим, бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий адабиётни тарғиб қилиш марказининг Андижон вилоят вакили вазифаларида ишлади. 1983 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашига адабий маслаҳатчи этиб тайинланди. 1985 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимини бошқарди.

1996 йилдан2018 йилгача «Холис» ижтимоий-оммабоп газетасига бош муҳаррирлик қилди.

Адибнинг «Соғинч», “Яшил барг”, «Кўнгил кўчалари», «Ишқинг тушса…», «Орзумандлар», «Нотаниш гул», «Тоғ йўлида бир оқшом», «Соҳилдаги сув париси», «Қизил гуллар», «Муҳаббатни гуноҳ десалар», «Соҳибжамол аёл сири», «Бобурийлардан бири» (2000, 2015 й.) 2 жилдли «Сайланма», «Севинчларим ва куйинчларим», «Кўнгил кечинмалари», «Палахмон», «Муҳаббат бадали», “Машаққат ва жасорат”, “Ҳаёт ҳикматлари” ва бошқа шеърий, насрий, публицистик китоблари, қисса ва романлари чоп этилган.

Қамчибек Кенжа атоқли саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ва темурийлар, буюк мутафаккир, мураккаб тақдирли, чигал қисматли шахс Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар ҳамда бошқа улуғ аждодларимизнинг тарихий, илмий-адабий мерослари, меъморчилик ёдгорликларини чуқур ўрганиш мақсадида Андижонда ташкил топган Бобур номли халқаро илмий экспедиция аъзоси сифатидақарийб чорак аср мобайнида бир қанча салмоқли сафарномалар битди. Чунончи;«Ҳинд сориға», «Андижондан Даккагача», «Буюклар изидан», «Андижондан Бағдодгача», «Буюк Соҳибқирон ўтган йўлларда» сингари китобларида Афғонистон, Покистон, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистон, Ироқ, Россия, Қозоғистон,Туркманистонмамлакатлари, Кавказ республикаларида умргузаронлик қилган буюк алломаларимиз саркардаларимиз ҳаёти ва фаолиятларини ўрганиш юзасидан олиб борилган изланишлар, экспедиция аъзоларининг заҳматли ва мароқли саргузаштлари, мазкур юрт­лар, шаҳарларнинг ўзига хос жиҳатлари, одамларнинг феъл-атворлари ва яшаш тарзлари ҳақида ҳикоя қилинади.

«Бобурийлар изидан»,«Бобур саломи»,«Буюк Бобур ворислари» номли ҳужжатли-оммабоп фильмларнинг сценарий муаллифи; жаҳон шеъриятининг Александр Пушкин, Хенрих Хейне, Шандор Петефи, Валерий Брюсов, Михаил Светлов, Вл. Фирсов, Назрул Ислом каби улкан намояндаларининг шеър ва достонлари, бир қатор хорижий муаллифларнинг насрий асарларини ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеър ва ҳикоялари рус, украин, инглиз, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур тилларига таржима қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмаларининг аъзоси Қ.Кенжанинг меҳнат ва ижодий фаолияти «Шуҳрат» медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони, II даражали “Меҳнат фахрийси”, Андижон Давлат университетининг фахрий профессори илмий унвони, Халқаро Бобур мукофоти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мукофоти ва бошқа ёрлиқлар билан тақдирланган.

Муаллифнинг яшаш манзили:

Избоскан тумани, Гуркиров қишлоғи.

Тел: 99893-410-11-25