Андижон 24

МЕҲНАТИ МУКОФОТГА МУНОСИБ


10.01.2020   717

Пахта йиғим-терими айни авжида эди. Булоқбоши тумани деҳқонлари давлат шартнома режасини вилоятда иккинчи бўлиб бажаришган кун байрамга айланди. Пахтакорлару мададкор ҳашарчилар хурсанд. Катта ўйингоҳ гавжум. Мавсум илғорлари меҳнати таърифланди. «Абдуҳошим Нурматов» фермер хўжалиги алоҳида тилга олинди. Фермер, тажрибали деҳқон Абдуҳошим Нурматовга илғорлар қаторида ўзимизнинг заводдаишлаб чиқарилган оппоқ рангли автомобиль мукофоти топширилди. Қутловлар бўлди. Мен ҳампешқадам фермерни табрикладим. Ёнимда турган оқсоқол ҳам деҳқонни қутлади.

–Абдуҳошим мукофотга муносиб, –деди нуроний фахр-ифтихор билан. – Ерни қадрлаб ишлайди. Шунинг учун ҳам буғдойи баракали, пахта хирмони юксак бўлади.

-Тўғри таъриф айтдингиз, –деди оқсоқолнинг сўзларини маъқуллаган яна бирмўйсафид. –Савобли, хайрли ишларини айтмайсизми? Кам таъминланган оилаларнинг меҳрибони. Ободонлаштиришнинг жонкуяри. Болаларимизга атаб боғча қургани келажагимиз эгаларига ғамхўрлигини кўрсатди. «Нурли қуёшча» мактабгача таълим ташкилоти 50 нафар болажонни бағрига олди.

–Ўнлаб янги ишўрни яратиляпти, –дея суҳбатдошларимнинг гапини маъқуллайди мудира Турдихон Нурматова.

Ёрбоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлари ака-ука Маҳмуджон, Ўктамжон Қорабоевлар Абдуҳошим Нурматовнинг кўмаги туфайли янги уйли бўлишди.

–Фермер икки хонали уй қуриб берганидан барчамиз қувондик, –дейди маҳалла фуқаролар йиғини котиби Ҳасанбой Абдуқаҳҳоров. –Кўпчилик дуо қилди.

–Далада тракторчилик қилиб, уйландим, –деди механизатор Саид-аҳмад Тўраев. –Абдуҳошим ака тўйимизга бош бўлди.

–Кўплар қатори тадбиркорнинг ёрдамидан баҳрамандман, –дейди сувчи Раҳимжон Акбаров. –Кўп хонали уйимизни тиклашда қадрдонимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

–3 километр ички йўлимиз шағалланишида ҳам Абдуҳошим Нурматов саховатпешалик қилди, –деб мулоҳазасини билдирди Райиш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшодбек Абдуқаҳҳоров. –Ишлари илгари бўлсин.

Шундай хайрли, савобли ишларни бажарган фермер хўжалигининг иқтисодий фаолиятига қизиқиб қолдим.

–Абдуҳошим Нурматов экспериментал уруғчилик фермер хўжалигига раҳбарлик қилаётир, -дейди қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойиси, иқтисод фанлари номзоди Мансур Султонов. –Даст-лаб 25 гектар ерда фермерлик фаолиятини бошлаган бўлса, ҳозирмайдони 260 гектарга етди. Ўтган йили 118 гектар ердаги буғдойдан 460 тонна ҳосил олди. Шундан 240 тоннасини уруғлик ташкил этди. 123 гектар пахтазорнинг ҳар гектаридан қирқ центнердан хирмон кўтарди. 485 тонна пахта юқори навга топширилди. Пахтадан1 миллиард 50 миллион соф фойда кўрилди.Бу, тинимсиз меҳнат натижасидир.

Абдуҳошим Нурматов ер билан тиллашган деҳқон десак тўғри гапниайтган бўламиз.Экинлар парваришини ҳам жойига қўяди.

Кўп кузатганман. Эрта тонгда даласини соғиниб келиб, экинзор оралайди. Бажарилган ишлар сифатини кўради. Келгуси куннинг режасини белгилайди. Сидқидилдан меҳнат қилганларни эъзозлайди.

Абдуҳошим фермер оиласининг суянган тоғи. Хонадон бекаси билан тўрт ўғил, бир қизни тарбиялади. Уч келини бир-биридан пазанда. Ўғиллари қаторида келини Асилхон Ҳожиматова далада ишлайди. Ҳосилот сифатида дала соҳибининг тажрибаларини ўрганади.

Қиш чилласида ҳам Абдуҳошим ака дала айланишни канда қилмайди. Техникалар созлигини кўздан кечиради.

- Ғайратли кишиларга қишда ҳам иш топилади, –дейди у. -Ариқларни чопиш, ўғит жамғариш керак.

Абдуҳошим Нурматов билан суҳбатлашганимда, маъноли, мазмунли гапларидан, кўпчиликка ғамхўрлигидан кўнглим ёришади. Юртдошларига эзгуликни илинибишлаётган фидойи фермернинг эртанги нурафшон кунларга ишончига ҳавас қиламан. Яхши ният,сидқидилдан қилинган меҳнат самарасидан кўпчилик баҳрамандлиги ҳақида жўшиб ёзишга киришаман.

Азаматжон

ТОШМАТОВ,

«Андижоннома» мухбири.