Андижон 24

Медиатур: АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА АҲОЛИНИНГ СУВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНИШ ДАРАЖАСИ 86,2 ФОИЗДАН 90 ФОИЗГА ЎСДИ


29.10.2020   2159

“Андижон вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан журналистлар, блогерлар ва матбуот хизмати ходимлари учун медиатур ташкил этилди. Жамиятнинг «Кампирровот» сув тозалаш иншооти вамарказий аналитик лабораториясига уюштирилган сафар давомида иштирокчилар сувни фильтрлаш, истеъмолга тайёрлаш жараёнлари билан танишдилар. Шунингдек, анжуман давомида жамият томонидан йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

– Шу кунгача вилоятдаги ичимлик сув таъминоти ва оқова хизматини яхшилаш мақсадида турли манбалар ҳисобидан 182 миллиард сўм маблағ сарфланди, – дейди “Андижон вилоят сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Матбуот хизмати раҳбари Марҳабохон Насриддинова. – Жорий йилнинг ўтган даврида 1 та ичимлик сув иншооти, 137 та ичимлик сув қудуғи, 880 километр ичимлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 1 дона сув ҳайдаш станцияси, 12,5 километр оқова сув тармоғида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Медиатур давомида маълум қилинишича, вилоятда аҳолининг сув билан таъминланиш даражаси 86,2 фоиздан 90 фоизга ўсди. Айниқса, аввал ичимлик сув таъминоти масаласи оғир бўлган Марҳамат, Избоскан, Асака туманларининг қатор ҳудудларидаги муаммолар бартараф этилди.

Медиатур қатнашчилари жамият директори Шухратбек Матмусаев иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.