Ижод гулшани

МАВСУМ ОТАХОН ТЕАТРДА «МУНОЖОТ», ЁШЛАРДА «ЗАМОННИНГ СИНГАН ОЙНАСИ» БИЛАН БОШЛАНДИ


22.09.2018   172

Парпи ва Озода оддий қишлоқ одамлари. Бир-бирларига муҳаббат қўйиб, турмуш қуришган. Лекин фарзанд кўришмаган. Устига устак Озода йиқилиб тушиб, юра олмай қолган.

Шу қишлоқда яшовчи Савдойи ўзининг қалтис хатоси туфайли ҳаётда қоқилган инсон.

Воқеалар Парпи Озодани елкасига кўтариб, ўзи қурган чайлага олиб келган саҳнадан бошланади. Эр-хотиннинг туши ва Савдо-йининг монологи уларнинг ўтмишини очиб беради.

Режиссёр Исоқжон Эргашевнинг топилмалари – тун, туш, сув эффектлари ва актёрларнинг моҳир ижроси томошабин воқеаларни фильмда кўраётгандек идрок этишига хизмат қилади. Ихчам ва таъсирчан эпизодлар, диалог, монолог, турли хил деталлар асарни бойитган.

Вилоят мусиқали драма театрининг 100-мавсуми очилишида намойиш этилган ушбу асар таниқли ёзувчи Баҳодир Мурод Алининг "Муножот" ҳикояси асосида саҳналаштирилган. Актёрлар гулдастаси ихчам, ўзига хос – санъат коллежи битирувчилари, театрнинг ёш, иқтидорли актёрлари ва халқимизнинг суюкли санъат дарғалари.– Ўзаро меҳр-муҳаббат, инсонийлик, оилавий муносабатлар акс этган мазкур спектаклни томоша қилган киши ундаги янги қирраларни кашф этиши шубҳасиз, – деди намойишдан сўнг сўзга чиққан "Ўзбекконцерт" вилоят бўлими раҳбари Миродил Ҳакимов. – Унга жуда катта маъно, тарбиявий юклама сингдирилган. Мана шундай муваффақият билан мавсумни бошлаган жамоадан келгусида бундан ҳам мукаммал асарларни кутиб қоламиз.

Андижон ёшлар театри ҳам ўзининг 30-мавсумини оила мавзусидаги спектакль билан очди. Таниқли режиссёр ва драматург, театрнинг асосчиси Маннон Ҳамидовни "Замоннинг синган ойнаси" асарида фарзанд тарбиясидаги эътиборсизликнинг салбий оқибати акс эттирилган. Оилани моддий бекаму-кўст қиламан, деб аччиқ қисмат гирдобига тушган отанинг аянчли тақдири очиб берилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қобилжон Мадаминов ҳамда унинг издошлари талқинидаги муаммо кишини ўйлашга, мушоҳада юритишга ва сабоқ олишга чорлайди. Отанинг кўз ёшлари қалбларни ларзага солади. Бойлик, сохта обрў учун отага зуғум ўтказаётган фарзандларга нисбатан нафрат ортади.

Спектаклдаги бошқа образлар ҳам кўтарилган муаммони очиб беришга, унинг асл сабабини теранроқ тушунишга, мавзуни тўлдиришга хизмат қилган.

М. ТЎХТАНАЗАРОВ.