Андижон 24

Матбуот ва жамият


27.06.2018   1112

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят кенгашида “Матбуот ва жамият” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирокидаги мазкур тадбирда республикамизда амалга оширилаётган ислохотларда журналистларнинг иштироки ва роли хусусида сўз юритилди. Жумладан, сиёсий соҳадаги ўзгаришларни ўз вақтида жамоатчиликка етказиш, қонунчилигимиз тарғиботи ва сиёсий партиялар билан жамоатчиликнинг алоқаларини мустаҳкамлашда ОАВлар энг ишончли куч эканлиги эътироф этилди.

Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини матбуотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу айни вақтда соҳа вакилларининг фаоллиги ва масъулиятини ҳам оширмоқда. Қолаверса, мазкур хужжатдан келиб чиқибжамиятда ОАВларнинг ролини кучайтириш, журналистлар фаолиятини ҳимоя қилишга бўлган эътибор кескин ортди. Бу айни вақтда журналистлар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид ахборотларни ўқувчиларга тақдим этишда замонавий технологиялар асосида ишлашга ундамоқда.

- Чиндан ҳам фаолиятимизни матбуотсиз тасаввур этиш қийин,-дейди Ўзбекистон “Адолат” СДПвилоят кенгаши раиси Тохиржон Шоввозов,-Айниқса, давлатимизнинг бугунги сиёсати ва сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларнинг моҳиятини жамаотчиликка етказишда газета ва телевидения яқин ҳамкоримиз. Яна интернет журналистиканинг ҳаётимизда кенг ўрин эгаллаётганини табриклаш керак. Айни вақтда ўндан ортиқ ОАВлар билан биргаликда ишлаяпмиз. Сафимизда ҳам журналистлар кўпчиликни ташкил этади.

Тадбир доирасида бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Акбаржон НАЗАРОВ.