ЖАМИЯТ

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан: ҚУЧОҚ ОЧИБ ХАЛҚ ИЧИГА БОРОЛДИК...


15.06.2019   1715

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдиданвилоят “Андижоннома” газетаси таҳририяти ва “Тараққиёт” телерадиокомпанияси ходимларининг Хонобод шаҳрига ташрифи кўтаринки руҳда кечди. Журналистлар дастлаб “Фозилмон ота” зиёратгоҳида бешта ташаббус бўйича юксак савияда ташкил этилган фестивалда қатнашдилар. Муштарийлар билан учрашувларда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган савобли ишлар хусусида ўзаро фикр алмашилди.

- Ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни оммага етказиб беришда матбуот аҳлининг роли ва иштироки беқиёс, - деди вилоят Маънавият ва тарғибот маркази раҳбари Муроджон Ғофуров. – Уларни бугунги тарихимизнинг яратувчилари, дейиш мумкин. Зеро, рўёбга чиқарилаётган ҳар бир вазифа ижросида, бартараф этилган муаммолар ечимида уларнинг ўзига хос ҳиссаси борлигини холис тан олишимиз зарур...

Мустақил Ўзбекистонимиз кунчиқар шаҳрининг ташриф қоғозига айланиб улгурган “Хонобод” сиҳатгоҳидаги учрашувда нафақат бу ерда ишловчилар, шунингдек, дам олувчилар ҳам иштирок этишди. Айни кунда сиҳатгоҳда 170 нафар ҳамюртимиз ўз саломатлигини тикламоқда. Бу борада уларга 120 дан зиёд тиббий ходим камарбастадир. Бош шифокор Нигорахон Муҳиддинова, “Андижоннома” газетаси бўлим мудири Нажмиддин Эргашев, фахрий журналист Бекмирза Мадраҳимов ва бошқалар матбуот ҳамда муштарийнинг юзма-юз мулоқоти бугунги кунда долзарб экани, бу соҳанинг ривожига мадад беришини таъкидлашди.

Ўзаро суҳбатларда босма, теле ва радио, интернет оммавий ахборот воситаларидаги ўзгаришлар, айниқса, журналистларнинг турли муаммо ва камчиликлар ечимидаги иштироки ҳақида сўз юритилди. 40 йил давомида ўқитувчилик касбини эъзозлаган Манзурахон Мансурова китобхонлик тарғиботида матбуотнинг ўзига хос ўрни хусусида тўлқинланиб гапирди.

Хонобод саноат-транспорт коллежи жамоаси билан учрашув эса ушбу таълим муассасаси қошидаги “Халқ кутубхонаси”да бўлиб ўтди. 350 квадрат метр майдонни эгаллаган кутубхона шу йил март ойида фаолиятини бошлаган бўлиб, китоб фонди 4800 тани ташкил этади. Бундан ташқари, 2500 та электрон китоблар каталоги мавжуд. Ҳозиргача 1000 га яқин китобхон унинг хизматларидан фойдаланмоқда. Шаҳараҳолиси, айниқса, ёшлар бу ерга бажону дил ташриф буюришяпти.

-Кутубхонада барча тоифадаги фуқароларга бепул хизмат кўрсатилади, - дейди коллеж директори Жалолиддин Маматов. – Олий ўқув юртларига ўқишга кирувчи абитуриентларга алоҳида шароитлар яратилган. Яқин кунларда шиша толали интернет-кафе ишга туширилади...

Учрашувда касб-ҳунар таълими вакиллари ёшлар одоб-ахлоқини яхшилашга оид панд-насиҳатлар, Ватанимиз тарихи ва буюк сиймолари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, турли мавзулардаги публицистик мақолалар кўпроқ берилиши мақбул эканини айтиб ўтишди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда бемаза ахборотлар кўплиги, бунинг олдини олиш чора-тадбирларини қўллаш, ёшларимизда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

-Миллий матбуот миллат кўзгуси эканини унутмаслигимиз керак, - деди ўз сўзида коллежнинг инглиз тили ўқитувчиси Роҳилахон Солиева. -Биз даврий босма нашрлардан андоза оламиз. Демак, улардаги ҳар бир маълумот холис ва омма учун фойдали бўлиши зарур...

Зиё, маънавият ва маданият тарғиботчилари бўлмиш устоз-мураббийлар ва журналистларнинг давра суҳбатида ёш авлод тарбиясини яхшилаш, аҳоли ўртасида китобхонликни ташвиқ қилиш, бу борада оммавий ахборот воситалари таълим муассасалари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

-Ўзбек халқининг фидойи ва миллатпарвар шоирларидан бири Абдулҳамид Чўлпон “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик, Бутун кучни халқ ичидан олайлик”, дея бежиз жар солмаган эди, - деди фахрий журналист Бекмирза Мадраҳимов. – Ижод аҳлининг ўз мухлислари ва муштарийлари билан учрашувлари уларга илҳом бериши табиий. Бундан ташқари, бу каби дилкаш суҳбатлар бизга янги-янги мавзулар топишга кўмаклашади. Албатта, бундай дийдорлашувлар яна давом этади.

Низомиддин ИКРОМИЙ,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи етакчиси.