Жамият

Машҳур фильм теварагидаги гаплар


28.07.2017   246

Иван Васильевич касбини ўзгартиргунча...

Леонид Гайдай "Иван Васильевич касбини ўзгартиради" киносценарийсининг биринчи вариантини Юрий Никулинга мослаб ёзган эди. Сценарий билан танишгач, комик ролларнинг таниқли устаси фильмда суратга тушишни рад қилади. У мазкур киноасарни тасвирга олишга беҳуда вақт кетишини ва олинган фильм архивларда чанг босиб ётишини айтади.

Шоҳ ролида ўйнашни истамаган Юрий Никулин ўрнига 8 нафар актёр киносиновга таклиф қилинади. Улар орасидан Евгений Евстигнеевнинг номзоди амалдорларга ёқмайди. Георгий Вицин машҳур "учлик"даги қўрқоқни ёдга соларди. Евгений Лебедев эса, режиссёрнинг фикрича, уй бошқарувчиси вазифасини уддалай олмасди. Бечора Бунша ва даҳшатли шоҳни ҳаммадан кўра Юрий Яковлев қойиллатиб ижро этди ва ўхшаш қиёфалар унга насиб қилди.

***

Режиссёрнинг талқини бўйича ўғриликни касб қилган Жорж Милославский ролини Андрей Миронов ўйнаши керак эди. Бироқ актёр "Италияликларнинг Россиядаги ғаройиб саргузаштлари" фильмида суратга тушиш билан бандлиги туфайли бошқа номзодни қидиришга тўғри келди. Георгий Юматов, Сергей Никоненко, Георгий Бурков ва Вячеслав Невинний сингари актёрлар суратга тушиш майдонига келишади. Аммо Гайдай Леонид Куравлёвни танлайди.

***

Александр Зацепиннинг "Январь изғирини жарангламоқда" қўшиғини фильм учун София Ротару ижро этади. Лекин қўшиқнинг жиддий ва самимий оҳангдалиги комик жанрдаги фильмга мос келмайди. Шунингдек, унинг паст товушда ёзилганлиги, Ротарунинг овози Наталья Селезнёваникига уйғун эмаслиги маълум бўлади. Охир-оқибат Нина Бродская ижросида қўшиқни қайта ёздиришади.

***

Фильм ижрочилари қуйидагича гонорор олишган: Леонид Гайдай - 7948 рубль, Юрий Яковлев - 4350 рубль, Леонид Куравлёв - 2312 рубль, Александр Демьяненко - 1663 рубль, Савелий Крамаров - 1129 рубль, Михаил Пуговкин - 788 рубль, Владимир Этуш - 630 рубль, Наталья Селезнёва - 362 рубль ва ҳакозо. Хуллас, эпизодик рол ижроси ҳам 101 сўм билан сийланган.

***

"3-62" телефон рақами ёдингиздами? Жорж Милославский Шпакнинг иш жойига қўнғироқ қилганида шу рақамни айтади. Бу рақам собиқ Иттифоқда кенг тарқалган "Столичная" ароғининг нархи (3 сўм 62 тийин)дан олинганди. "Бриллиант қўл" фильмида ҳам Гайдай шунга ўхшаш усулни қўллаганди. Бир шиша ароқнинг пули автомашина рақами ("501")га айланганди.

Ҳ. Тоҳиров тайёрлади.