Андижон 24

МАСАЛАГА ЧУҚУРРОҚ ЁНДАШИШ КЕРАК ЭДИ


07.05.2019   2626

Ҳурматли Каримберди Тўрамурод! Сизнинг Андижон шаҳрининг “Тахтакўприк” маҳалласидаги мадраса биносини аҳолига қайтариш тўғрисидаги мурожаатингизни интернетда ўқиб, жуда таъсирландим. Оддий бир мусулмон сифатида мадрасани мана шундай ҳолатда кўришликдан ранжидим. Собиқ Иттифоқ даврида Андижон вилоятида 8 та масжид фаолият кўрсатган. Ҳозирда 181 та масжид, битта Ислом ўрта махсус билим юрти (мадрасаси) фаолият юргизиб келмоқда.

1998 йилда диний ташкилотлар қайта рўйхатдан ўтганда вилоятда 181 та масжид ва мадраса ўтди. Нега айнан “Тахтакўприк” маҳалласидаги мадраса рўйхатдан ўтмай қолди?

Мана шу савол мени сиз каби ушбу мадраса билан яқиндан танишишга чорлади. Ушбу мадраса 1991 йили Андижонда айни турли оқим, бузғунчи мазҳаблар авж олган вақтда ўзларини “дин фидойилари” деб кўрсатган кимсалар турли жойларга масжидларини ва мадрасаларини қураётган паллада “Тахтакўрик” маҳалласида Саудия Арабистонидан келган маблағ эвазига мадраса қурилган.

Албатта, бу ҳаммани ўзига жалб қилади. Лекин оқсоқолларнинг берган маълумотига қараганда бағрикенг халқимиз ушбу мадрасада 1998 йилга қадар бемалол ибодат қилишларига имконият берилган.

1998 йилда бу каби муассасалар қайта рўйхатдан ўтказилаётганда мазкур мадраса рўйхатдан ўтмаган. Сиз холис журналист сифатида суриштириш ишларингизни мана шундан бошлашингиз керак эди.

Менинг ўрганишимга қараганда, ушбу мадрасани диний муассаса сифатида ушлаб қолишликка диний идора раҳбарияти жуда кўп ҳаракат қилган. Жумладан, ўша маҳалда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Раиси лавозимида ишлаган марҳум муфтий Абдурашид қори Баҳромов бир неча маротаба ушбу мадрасага ташриф буюрган. Қурилишга масъул бўлган раҳматли Салоҳиддин Отахонов билан мулоқот ва ўзаро музокаралар олиб борган. Абдурашид қори ака вилоятда битта мадраса фаолият олиб бораётганлиги, ҳозирда у ерда юзлаб талабалар диний таълим олаётганлиги сабабли яна битта қўшимча мадраса очишлик мақсадга мувофиқ эмас, деб тушунтирганлар. Шундан сўнг уни мадраса сифатида эмас, маҳаллий масжид сифатида рўйхатдан ўтказишга таклиф берган. Бироқ мадрасани қурган мутасаддилар, Салоҳиддин Отахонов бу қарорни қабул қилишмаган. Натижада бино мадраса сифатида рўйхатдан ўтмай қолган. Шундан кейин бу бино ташландиқ ҳолга кела бошлади. Буни кўрган намозхонлар, оқсоқоллар вилоят диний идорасига мадрасани рўйхатдан ўтказиш ва сақлаб қолиш юзасидан оғзаки мурожаатлар қилишди. Андижон вилояти диний идорасининг раҳбарияти ўртага тушиб, мадраса биносини Ҳаж ва Умра сафарига кетувчи фуқароларни кузатиш марказига айлантириш таклифини берган. Шу баҳона бу бино дин йўлида хизмат қилар, намоз ўқиб туриш ҳам мумкин эди. Аммо бунга ҳам бинони қурган мутасаддилар рози бўлмаганлар.

Иморат яна ўша ҳолатда қолди. 2014 йилда Андижон вилояти бош имом хатиби вилоят диний идорасини мазкур бинога кўчиришга рухсат сўраган вақтда ҳокимлик мутасаддилари бажонидил рози бўлиб турган паллада, тағин мадрасани қурганлар ҳамда қавм рухсат бермаган.

Вилоят ҳокимлиги бундан хабардор бўлиб, вилоят диний идорасига Олтинкўл туманининг Жалабек қишлоғидаги катта клуб биносини олиб берган. Шахсан вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бу жой республикада кўзга кўринган диний идора биносига айлантирилди.

Мадраса эса яна ташландиқ ҳолатда қолди. Ўзингиз ўйланг, Каримберди, бир бино ташландиқ бўлиб, хароб бўлиб ётгани яхшими ёки кўнгли яримта, кўчада қолган бева- бечораларнинг фойдаланиб турганлиги яхшими? У ерда тартиб ўрнатиш тегишли идораларнинг вазифасидир.

Сиз билан суҳбатлашган фуқаролар бўлиб ўтган ишларни яхши биладилар ва эслайдилар. Ҳозирга қадар ҳам бинони мадраса сифатида рўйхатдан ўтмаганлигини сиз билан суҳабатлашганлар жудаям яхши билардилар. Сиз эса мазкур масалани адлия органларидан ҳам сўрашингиз лозим эмасмиди?

Абдураҳмон ҳожи Ёқубжон ўғли.