Хорижда

Марсни Ерга “туширишмоқчи”


01.12.2017   624

Яна икки ярим йилдан кейин БААда Марс сайёраси шаҳрининг улкан модели пайдо бўлиши мумкин. The Khaleej Times газетасининг хабар беришича, “Марснинг илмий шаҳри” дея номланган мазкур лойиҳа учун 136 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутиляпти.

170 минг квадрат метрдан зиёд майдонни эгаллайдиган шаҳар Дубай амирлиги ҳудудида қад ростлайди. “Қизил сайёра шаҳри” лаборатория, озиқ-овқат ишлаб чиқарадиган фермалар, электростанция ҳамда сувни қайта ишловчи қурилмаларга эга блок-гумбазлардан ташкил топиши билдириляпти.

Амирликларнинг Марс миссияси ерда тадқиқотлар олиб бориш билан бир қаторда 2020 йилда коинотга “Умид” космик кемасини учиришни мақсад қилган. Режага кўра, у мамлакатнинг 50 йиллиги нишонланадиган 2021 йилда Марс сайёрасига етиб бориши керак. Бу иш муваффақиятли амалга оширилса, “Умид” қизил сайёрага мусулмон мамлакатлар учирган биринчи кема бўлиб қолади.