Андижон 24

МАРҲАМАТЛИК ҲУНАРМАНД АЁЛЛАРНИНГ ЖУНЛИ РЎМОЛ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ФАОЛИЯТИ ҚАЙТА ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ


10.07.2021   719

Президентмизнинг «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, Ғузор ва Деҳқонобод туманлари, Қўшработ тумани, Қумқўрғон ва Бойсун туманларида жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилади.

Қарорда белгиланганидек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга ҳам йўналтирилади.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш, жунни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳунармандлар фаолиятини ўрганиш мақсадида Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси раиси Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлди.

Сафар чоғида Марҳамат туманида яқинда ишга туширилган Ўзбек-Афғон “Afghan bazar silk carpets Andijan” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти билан танишилди.

Марҳамат туманида маҳаллий аёллар томонидан узоқ йиллар давомида жунли рўмол ишлаб чиқарилган. Бу ҳунар авлоддан авлодга ўтиб қадрият сифатида қадрланиб келган. Охирги йилларда жун хомашёсининг етишмаслиги туфайли йўқолиб кетиш даражасига келиб қолган эди.

Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси раиси «Марҳамат» туман ҳокими билан маҳаллий аёлларни иш билан бандлигини таъминлаш ва жун рўмол ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар. Келишувга кўра, туманда шу ҳунарга лаёқати бор аёлларга дастгоҳ ва хомашё етказиб берилади ва тайёр маҳсулотлар сотиб олиниши таъминланади.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида тайёрланди.