Андижон 24

МАРҲАМАТДА ЯНГИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ЭКИН МАЙДОНЛАРИ ВЬЕТНАМ ТАЖРИБАСИ АСОСИДА АҲОЛИГА ФОЙДАЛАНИШГА БЕРИЛДИ


26.03.2023   639

Хабарингиз бор Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда озиқ-овқат таъминоти аҳоли фаровонлигида ва инфляцияни жиловлашда энг муҳим омиллардан бири эканлиги айтиб ўтилган эди.

Халқ дастурхони тўкин бўлиши учун давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2024 йил 1 январгача 35 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига божлардан имтиёз берилди. Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали кўплаб оилаларга енгиллик бўлади.

Ҳеч кимга сир эмаски, дунёда охирги икки йилда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаяпти. Ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг нархи сўнгги 30 йилдаги энг юқори даражага кўтарилган. Шунингдек, транспортда ташиш, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетгани ҳам озиқ-овқат нархларига ўз таъсирини кўрсатаяпти.

Таҳлилларга кўра, бу ҳолат 2023 йилда ҳам, келгуси йилларда ҳам сақланиб қолади. Шу боис озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, одамларни иш билан банд қилиш бўйича қўшимча имкониятлар излаш зарур.

Шунингдек ўтказилган йиғилишда ҳудудлардаги ана шундай имкониятлар таҳлил қилиниб, уларни ишга солиш чора-тадбирлари белгилаб берилган эди.

Қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, одамларни ишли қилиш борасидаги имкониятлар ҳам талайгина. Мисол тариқасида оладиган бўлсак, пилла бир ойда энг тез тайёр бўладиган даромадли маҳсулот. Лекин, жойларда бу бўйича лойиҳалар кам.

Шу боис йиғилишда аҳоли учун яқин лалми ва яйлов майдонларни ўзлаштириб, пилла кластерлари ташкил қилиш вазифаси қўйилганди.

Шунга кўра, Андижон вилоятида соҳа мутахасислари томонидан ўрганишлар олиб борилиб, самарасиз ётган (адирликлар)да жами 5 минг 71 гектар майдонлар аниқланди, ҳозирда ушбу жойларда тутзорлар ташкил қилиш режалаштирилган бўлиб жадал ишлар олиб борилмоқда. Биргина Марҳамат туманининг ўзидажами720 гектар ер майдони мавжуд.Бугун пиллачилик кластерлари томонидан Й. Оҳунбобоев массиви адирликларининг 100 гектар ерига 500 минг туп «Янги Андижон» навли тут кўчатлари ҳамда улар ораларига экин экиш бошланди.

Ушбу янги экин майдонлари Вьетнам тажрибаси асосида аҳолига 1-2 гектардан ҳам тут парвариши, ҳам озиқ-овқат экиш учун берилди. Натижада аҳолини иш билан банд қилиш вақўшимча даромад олиш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, яна бир фойдаланилмаётган манба – дала ва коллектор-дренажлар атрофидаги ерлардир. Бундай жойлар ҳам тегишли соҳа вакиллари томонидан ўрганилиб, фермер хўжалиги ишчилари ва эҳтиёжманд аҳолига ижара асосида берилмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.