Андижон 24

МАРҲАМАТДА ЯНГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ


11.01.2020   1923

Марҳамат туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбасига таяниб «auz.uz» мухбири хабар бермоқда.

Айни пайтда фуқароларга 130 дан ортиқ турдаги давлат хизмати кўрсатаётган шаҳар ва туманлар Давлат хизматлари марказларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, келаётан мижозлар учун барча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги” Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туманларда энг сўнгги услубдаги дизайн асосида замон талаблари ва халқаро меъёрларга мос ҳолда бунёд этилган ҳар томонлама қулай Давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилмоқда.

Марказ биноси масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Субхидам зар чашмаси” қурилиш пудрат корхонаси томонидан қуриб битказилди. Бир йил бурун тор ва хизмат кўрсатиш учун қулайлиги бўлмаган кўримсизгина бино ўрнида замонавий лойиҳада барпо этилган марказ иншоотида аҳолига сифатли, тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш бошланди.

Қувонарлиси марказ биносида фуқароларга сифатли давлат хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан, бинонинг ўзида Ўзбекистон Pеспубликаси бош вазирининг Марҳамат тумани тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқиш қабулхонаси, Нотариус жойлаштирилган. Қулай кутиш зали, замонавий ресепшн чет эллик ҳамда маҳаллий инвесторлар учун алоҳида инвесторлар хонаси, ёшлар хонаси, болалар майдончасининг мавжудлиги эса ҳавас қилса арзигулик. Ўзбек ва жаҳон адабиёт дурдоналарининг энг сара асарларидан намуналар жамланган кутубхона эса Марказга келувчилар вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилиши аниқ.

Эътиборлиси, марказда бир вақтнинг ўзида 16 нафар, бир кунда 400 нафардан фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Хушбичим ва ўзига хос дизайндаги замонавий жиҳозланган залда 3 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизматлари юзасидан ахборот роликлари марказга келувчи фуқаролар учун мунтазам тақдим этиб борилади. Қабул электрон навбатдан бошланади. Яна бир муҳим жиҳати, марказда сизга хизмат кўрсатган ходимнинг фаолиятини баҳолашингиз мумкин.

Марказ фаолиятига эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 120дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Ўтган йил давомида марказга 40 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, мингга яқин тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган. 2018 йилда бу кўрсаткич 30 мингга яқинни ташкил этган.

Тадбирда Марказнинг қурилишида жонкуярлик билан меҳнат қилган қурувчиларга катта миннатдорчилик билдирилиб, туман ҳокимлиги ва агентлик вилоят бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.