Андижон 24

МАРҲАМАТДА ЛОЙИҲА ҚИЙМАТИ 6,5 МИЛЛИАРД СЎМГА ТЕНГ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ


08.07.2020   4340

Марҳамат туманида “Касаба текстил ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятига қарашли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Лойиҳа қиймати 6,5 миллиард сўмга тенг корхона Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда тадбиркор Қувончбек Ҳайдаров ҳамкорлигида тенг шерикчилик асосида барпо этилди.

Тантанали очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сўз олиб, корхонага қабул қилинган хотин-қизларни муборакбод этди ҳамда янги иш жойи оилаларга қут-барака олиб келишини тилади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳага Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича республика ишчи гуруҳининг туман ҳудудидаги ўрганишларидан сўнг асос солинганди. Жумладан, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан касаба уюшмалари федерациясига ажратилган маблағлар ҳисобидан 3 миллиард сўм йўналтирилган эди. Бундан ташқари, лойиҳага тадбиркор ҳам 3,5 миллиард сўм маблағ ажратди. Бунёдкорлик жараёни белгиланган муддатда якунига етказилиб, 300 та доимий иш ўрни яратилди.

Яқин келажакда корхонада икки сменада иш ташкил этилади ҳамда иш ўринлари сони 600 тага етказилади.

  • Туманимизда мана шундай йирик трикотаж корхоналари деярли йўқ эди, - дейди тикувчиликка ишга қабул қилинган Ҳилола Давронова. – Ҳудудда орзуимиздаги иш жойи яратилганидан жудаям бахтиёрмиз. Ишга меҳр бериб, чин юракдан меҳнат қилсак, даромадимиз кўпайиб, рўзғоримизга барака киради, албатта. Бунинг учун ташкилотчиларга катта раҳмат.

Эътиборли жиҳати, тикувчилик цехига ишга қабул қилинган опа-сингилларнинг қарийб барчаси оғир ижтимоий шароитдаги ёки иш излаб юрган аёллардир.

Очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги томонидан корхонани барпо этишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ қурувчиларга совға-саломлар топширилди.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.