Андижон 24

МАРҲАМАТ ТУМАНИДА ЯНГИ ТИББИЁТ МУАССАСАСИ ИШ БОШЛАДИ


03.01.2021   2203

Марҳамат туманининг Минтепа маҳалласида янги барпо этилган “IBN SINO MEDICAL” диагностика ва кардиология маркази иш бошлади.

Туман ҳокими, сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муассаса очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, хусусий тиббий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

- Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас, - дейди туман ҳокими Бобуржон Юлдашев. - Хусусан, Давлатимиз раҳбари Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзларини эслаб, бу борадаги ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарурлигини, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлишлигини алоҳида таъкидлади.

Демак, жорий йилда аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш масаласи фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлади. Туманимизда иш бошлаган янги диагностика ва кардиология маркази ана шу йўналишдаги ишларнинг дебочасидир.

Тадбиркор Музаффар Қодиров томонидан барпо этилган, умумий қиймати 9,5 миллиард сўмга тенг, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган мазкур марказда бир вақтнинг ўзида 150 нафар беморнинг стационар ва амбулатор тарзда даволаниши учун зарур барча шароитлар яратилган. Муассасада юрак ва қон томир ҳамда болалар кассаликлари бўйича малакали мутахассислари фаолият олиб боради.

“IBN SINO MEDICAL” диагностика ва кардиология марказининг иш бошлаши билан 50 та янги иш ўрни яратилди.