Андижон 24

Марказий банк бошқаруви: ПУЛ-КРЕДИТ СИЁСАТИ ОПЕРАЦИОН МЕХАНИЗМИ ВА КЎРСАКИЧЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ


22.07.2022   2217

Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатининг операцион механизмини ва пул бозоридаги фоиз ставкалари бўйича “бенчмарк” кўрсаткичини ҳисоблаш методологиясини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида Халқаро молия институтлари ва консалтинг компаниялари кўмагида доимий асосда таҳлиллар амалга оширилиб, таклифлар шакллантириб борилмоқда.

Инфляцион таргетлаш режимига ўтган илғор хорижий мамлакатлар ва халқаро молия бозорлари тажрибасидан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсати операцион механизмини ривожлантириш ва пул бозори кўрсаткичларининг аҳамиятини ошириш мақсадида:

жорий йилнинг 4 августидан ликвидликни тартибга солишга қаратилган асосий операциялар – депозит аукционларининг муддати 1 ҳафтага қисқартирилади ва ҳафтада 1 маротаба ўтказилиши йўлга қўйилади;

пул бозорига Марказий банкнинг асосий ставка ўзгартирилиши бўйича қарорларини самарали ўтказиш мақсадида умумий ликвидликни тартибга солишда 1 ҳафталик депозит аукционларининг роли ошириб борилади;

жорий йилнинг 22 июлидан банклараро пул бозорида қисқа муддатли ресурс нархини ўзида ифода этувчи “UZONIA” фоиз ставкаси, “UZONIA” индекси ва турли муддатлар учун муддатли жамланган “UZONIA” фоиз ставкалари ҳисоблаб чиқилади ва эълон қилиб борилади (1-иловага мувофиқ). Бу ҳақда ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот учун: “Ўзбекистон Республикаси Банклараро пул бозорининг “UZONIA” индексини (Uzbek Overnight Index Average – ўртача овернайт индекс) ҳисоблаш ва эълон қилиш Методологияси” Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки ҳамда барча тижорат банклари иштирокида ишлаб чиқилди ва Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 21 июлдаги йиғилишида тасдиқланди.